Украинага ёрдам, Хитойга босим. НАТО лидерлари нималарни муҳокама қилади?

Олам

image

НАТО етакчилари бугун, 24 март куни Брюсселдаги фавқулодда саммитда Россия чегаралари яқинида ўз ҳарбий гуруҳлари сезиларли ва узоқ муддатли мустаҳкамланишини эълон қилади. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилган. 

Альянс, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийни видеоалоқа орқали тинглайди ва Украинага қўшимча қурол-яроқ етказиб беришга ваъда беради. Бироқ бу мамлакатга қўшин жўнатмайди ёки Украинанинг айрим қисмларида парвозлар тақиқланган ҳудуд яратишга уринмайди. 

НАТО етакчилари, шунингдек, уларнинг фикрича, Россиянинг Украинадаги денацификация операциясини қўллаб-қувватлаётган Хитой ва Беларусга босимни муҳокама қилиш ниятида. Бундан ташқари, альянс етакчилари мандати сентябрда тугайдиган, аммо иттифоқ мамлакатлари кескин инқироз шароитида ўзгартиришни истамайдиган НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг ваколатларини бир йилга узайтириш имкониятини муҳокама қилади. 

Столтенбергга кўра, альянс ўз мудофаасини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилмоқчи. 

“Мен етакчилардан НАТОнинг барча соҳаларда позициясини мустаҳкамлашга рози бўлишини кутаман. Биринчи қадам — Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияда НАТОнинг тўртта жанговар гуруҳини жойлаштириш. Болтиқбўйи ва Польшада аллақачон мавжуд кучлар билан бир қаторда, бу Болтиқбўйидан Қора денгизгача бўлган шарқий қанот бўйлаб саккизта жанговар гуруҳга эга бўлишимизни англатади”, деган Столтенберг.

Унинг қўшимча қилишича, узоқ муддатли истиқболда “иттифоқнинг мудофаа тизими қайта тикланиши керак, чунки НАТО бугун хавфсизлик соҳасида янги ҳақиқатга дуч келмоқда”. 

Унинг сўзларига кўра, Европада 100 мингга яқин АҚШ аскари, шунингдек, НАТОнинг бевосита қўмондонлиги остида, асосан, альянснинг шарқий қисмида 40 минг ҳарбий хизмат қилмоқда. 

Интервенцияга тақиқ 

Шимолий Атлантика альянси ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаган ҳолда Украинага на қўшин юборади, на у ерда парвозлар тақиқланган ҳудуд яратишга ҳаракат қилади. 

“НАТО можаронинг бир қисми эмас, лекин Украинага ёрдам беради. НАТО Украинага қўшин юбормайди. Биз Украинани қўллаб-қувватлаш муҳимлигини тушунишимиз керак, лекин Россия Федерацияси ва НАТО ўртасидаги урушнинг олдини олиш ҳам муҳим. Шунинг учун биз Украинага қўшин юбормаслигимизни аниқ айтдик”, дейди Столтенберг. 

Бундан ташқари, Бош котибнинг сўзларига кўра, НАТО Украина узра парвозларни тақиқловчи ҳудуд яратиш имкониятини истисно қилишда давом этмоқда, чунки бу Россия билан уруш дегани. Унинг таъкидлашича, парвозлар тақиқланган ҳудуднинг ташкил этилиши билан “НАТО Россия самолётларини уриб туширишига тўғри келади”. 

“Биз буни қилмаслигимизни айтдик, чунки бу НАТО ва Россия ўртасида урушга олиб келади деб ўйлаймиз. Биз жанговар ҳаракатлар Украина чегарасидан ташқарига чиқмаслиги ҳамда НАТО ва Россия ўртасида можаро келиб чиқмаслиги учун жавобгармиз. Бу янада кўпроқ ўлим ва вайронагарчиликка олиб келади”, деган Бош котиб. 

Кўпроқ қурол 

Таъкидланишича, НАТО Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади, уни ҳарбий таъминот, сиёсий, молиявий ва ахборот кўмаги билан таъминлайди. 

“Ўтган ойда иттифоқчилар [Украинага] танкга ва ҳаво ҳужумига қарши тизимлар, дронлар, ёқилғи ва ўқ-дорилар ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш орқали ҳарбий ёрдамни кучайтирди ҳамда миллионлаб қочқинларни қабул қилди. Умид қиламанки, иттифоқчилар қўшимча ёрдам беришга рози бўлади”, деган Столтенберг. 

Шунингдек, у НАТО давлатлари аллақачон Украинага катта ёрдам кўрсатганини, хусусан, “2014 йилдан буён ўн минглаб украиналик аскарларни ўқитганини, ҳозир эса улар фронт чизиғида” эканини таъкидлаган. 

Столтенбергнинг айтишича, альянс етакчилари Брюсселдаги саммитда Украинага киберхавфсизлик соҳасида қўшимча ёрдам, шунингдек, уни кимёвий ва биологик ҳужумлардан ҳимоя воситалари билан таъминлашга қарор қилади. 

Кимёвий таҳдид

Украинани биологик таҳдидлардан ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш ҳақида гапирар экан, Столтенберг Украинада жойлашган, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, хавфли патогенлар бўйича тадқиқот олиб борган АҚШ биологик лабораториялари ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган. 

Шу билан бирга, Столтенберг Россия Украинада кимёвий қурол қўллаши мумкинлигини тахмин қилган. 

Столтенбергнинг баёнотлари НАТОнинг бир қатор бошқа етакчилари, хусусан, АҚШ Президенти Жо Байденнинг худди шу мавзудаги баёнотлари билан ҳамоҳанг бўлган. 

“Кимёвий қуролдан фойдаланиш можаронинг моҳиятини бутунлай ўзгартиради. Бу қабул қилиб бўлмайдиган бўлиб, халқаро ҳуқуқни бузади ва кенг кўламли оқибатларга олиб келади”, дейди НАТО Бош котиби. 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО Россиянинг Украина кимёвий моддалар билан провокациялар тайёрлаётгани ҳақидаги огоҳлантиришларидан хабардор, аммо уларни ёлғон деб билади. 

НАТО Бош котиби ўз нутқида, шунингдек, Россия “кимёвий реагентлардан аллақачон фойдалангани ва Сурияда кимёвий қуролдан фойдаланишни соддалаштириб, [Сурия Президенти Башар] Асадни қўллаб-қувватлагани”дан хавотир билдирган. Шу билан бирга, у Сергей Скрипал ва унинг қизининг заҳарланиши билан боғлиқ воқеани, шунингдек, Алексей Навальний билан бўлган воқеани назарда тутган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг