Украинадаги можаро Учинчи жаҳон урушига айланиши мумкин – Трамп
Олам
−
18 Июнь 2022
11889АҚШ Киевга бераётган миллиардлаб долларлик қурол-яроғлари туфайли Украинадаги можаро Учинчи жаҳон урушига айланиши мумкин. Бу фикрни АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп бугун, 18 июнь куни Нэшвилл шаҳрида (Теннесси штати) ўз тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида билдирган.
“Биз қилаётган ишлар Учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин. Биз Украинага 40 миллиард доллардан ташқари, яна 16 миллиард доллар, жами 56 миллиард доллар бердик", дейди у.
Трампнинг қайд этишича, айни пайтда АҚШ иттифоқчилари Украинага анча кичикроқ миқдорда ёрдам кўрсатмоқда.
“Агар Европа, Германия ёки Франция ва бошқа давлатларга қарасангиз, улар биз берган нарсаларнинг кичик қисмининигина берган. Агар мен Президент бўлганимда, бу ҳеч қачон содир бўлмасди”, дейди собиқ давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 июнь куни АҚШ элчиси расмий Вашингтон ажратган қарийб 40 млрд долларлик ёрдамдан 1 млрд доллари аллақачон Украинага етказилганини айтган эди. Кейинроқ, АҚШнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринк Украинага яна 7,5 миллиард долларлик ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Май ойида АҚШ Президенти Жо Байден Украинага қўшимча 40 миллиард долларлик қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу маблағнинг тахминан 20 миллиард доллари тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамга йўналтирилиши кутилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь