Украинада неча млн гектар ер миналаштирилгани айтилди
Олам
−
03 Июнь 2022
6984Украинанинг 30 миллион гектардан ортиқ ҳудуди миналардан тозалашга муҳтож. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Денис Монастирский миналардан тозалаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган телемарафонда айтиб ўтган.
Монастирскийнинг сўзларига кўра, ҳозирда Киев, Суми, Чернигов ва Харьков вилоятларида миналардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. 2,7 миллион гектардан ортиқ майдонда миналардан тозалаш ишлари ўтказиб бўлинган.
"Таққослаш учун, 30 миллион гектардан ортиқ майдонни ишлаб чиқишимиз керак. Биз чет эллик пиротехниклар бригадалари ва уларнинг жиҳозларини жалб қилмоқдамиз, улар бизга Украина ҳудудларини миналардан тозалашда ёрдам бермоқда", дейди ИИВ раҳбари.
Шунингдек, у фуқароларнинг портловчи объектларда портлаши билан боғлиқ фожиали ҳолатлар аллақачон кузатилаётганини таъкидлаган. Май ойи давомида 15 та шундай ҳолат қайд этилган.
"Ишончим комилки, бизнинг воқелик ўзгариши керак. Ҳар бир мактаб ўқувчиси, ҳар бир ишчи, она ва ота миналар хавфсизлигини билиши ва ўз фарзандларига ўргатиши керак", деб ишонтирган вазир.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси