Украина ёлғиз қолиб кетди – Зеленский
Олам
−
25 Февраль 2022
22504Ғарб давлатларининг ваъдаларига қарамай, Украина душманга қарши ёлғиз ҳимояланишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Шунингдек, у Украинага чинакам ёрдам бераётган ҳар бир давлатга миннатдорлик билдирган, лекин кўплар фақат гапда ёрдам бераётганини айтган.
“Украинага чинакам ёрдам бераётган ҳар бир давлатга миннатдорлик билдираман. Аммо оғзаки эмас, балки аниқ. Аммо иккинчиси ҳам бор — биз давлатни ҳимоя қилишда ёлғиз қолдик. Ким биз билан бирга жанг қилишга тайёр? Ростини айтсам, мен уларни кўрмаяпман. Украинага НАТОга кириш кафолатини беришга ким тайёр? Ростини айтсам, ҳамма қўрқади!” деган Зеленский.
Украина Президенти НАТОга аъзо бўлиш ҳақида ҳам гапирган.
“Давлатимизнинг барча ҳамкорларига шуни айтаманки, ҳозир муҳим давр, мамлакатимиз тақдири ҳал қилинмоқда. Мен улардан сўрайман — сиз биз биланмисиз? Улар биз билан, деб жавоб беришади, лекин бизни ўзлари билан Альянсга олиб боришга тайёр эмаслар. Бугун мен 27 нафар Европа етакчиларидан Украина НАТОга қўшиладими, деб сўрадим, тўғридан-тўғри сўрадим. Ҳамма қўрқади. Жавоб бермайди”, деган Президент.
Зеленский Россиядан қўрқмаслигини ва ҳеч нарсадан, жумладан, Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапиришдан ҳам қўрқмаслигини таъкидлаган.
“Биз нейтрал мақом ҳақида гапиришдан қўрқмаймиз (ҳозир биз НАТОда эмасмиз). Лекин бизда қандай кафолатлар бўлади? Энг муҳими, уларни бизга аниқ қайси давлатлар беради? Бу босқиннинг тугаши ҳақида гаплашиш керак. Бу урушнинг тугаши ҳақида — бу керак. Аммо энди мамлакат тақдири бутунлай армиямизга, қаҳрамонларимизга, хавфсизлик кучларимизга, барча ҳимоячиларимизга боғлиқ. Халқимизга, ақлимизга. Мамлакатимизнинг барча дўстларининг катта ёрдамига”, деган у.
Сўнгги маълумотларга кўра, Владимир Зеленский ҳозирда қаерда экани маълум эмас. CNN нашрига кўра, Украина раҳбари Россия қўшинлари Киевга яқинлашаётган бир вақтда бункерга олиб кетилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси