Украина душман давлатга айланди – Шойгу Россия нега ҳужум бошлаганини тушунтирди

Олам

image

Россия қўшни давлатнинг ядросиз ва нейтрал мақомини таъминлаш мақсадида Украинада ҳарбий “махсус операция” ўтказишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтган. 

“Украина душман давлатга айланди, ундан Россияга босим воситаси сифатида фойдаланилди. Украинанинг НАТОга кириши ва альянснинг ҳарбий инфратузилмасини ушбу мамлакат ҳудудига жойлаштириш учун саъй-ҳаракатлар кучайтирилди”, дейди Шойгу. 

Бундан ташқари, вазир Украина ядро қуроли ва уни манзилга етказиш воситасини ишлаб чиқишдек "реал таҳдид" юзага келганини ҳамда мамлакат ҳудудида АҚШ ҳарбий биологик дастурига жалб қилинган 30 дан ортиқ биологик лабораториялар тармоғи яратилганини айтиб ўтган.

“Бу вазиятда Россия халқни геноциддан ҳимоя қилиш, шунингдек Украинани демилитаризация ва денацификация, унинг ядросиз ва нейтрал мақомини таъминлаш мақсадида махсус ҳарбий операцияни бошлашга мажбур бўлди”, дейди Шойгу.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Ғарбнинг Украинага ёрдами ва санкцияларига қарамай, Россия барча вазифалар тўлиқ бажарилгунга қадар “махсус операция”ни давом эттиради.

Сергей Шойгунинг таъкидлашича, Украинадаги тинч аҳоли қурбон бўлмаслиги учун Россия атайин ҳужум суръатини секинлаштирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг