Украина – бу фалокат
Олам
−
30 Март 2022
14856Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг ўринбосари Мартин Гриффитсга Украинада гуманитар мақсадларда ўт очишни тўхтатиш бўйича мумкин бўлган келишувларни томонлар билан зудлик билан муҳокама қилишни топширди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
“Гриффитс ташаббусни олқишлаган ҳар икки томон билан аллақачон алоқага чиққан ва у 24 соат ичида минтақага учиб кетишга тайёр”, дейди Бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ёрдамчиси ва фавқулодда ёрдам координатори ўринбосари Жойс Мсуя БМТ хавфсизлик кенгаши аъзоларига.
Унинг таъкидлашича, тинч аҳоли озиқ-овқатсиз қолмоқда, сув ва электр энергиясидан маҳрум бўлган. Одамлар ночор аҳволга тушиб қолгани учун гуманитар ёрдам ҳам, ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ҳам жуда зарур.
Бош котиб ёрдамчисининг фикрича, Украина ҳақиқий фалокат. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 27 март ҳолатига кўра, 1119 киши ҳалок бўлган, улардан 99 нафари болалар. Аммо бу рақамлар анча юқори бўлиши ҳам мумкин.
"Мариупол, Харьков, Чернигов ва бошқа кўплаб шаҳарлар ўраб олинган, ўққа тутилган ва блокланган. Бу шаҳарлардаги одамлар озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр ва иссиқлик таъминотисиз қолди. Улар тузоққа тушган. Улар умидсиз ва жуда таҳликада. Баъзи ҳудудларда қурбонларни дафн этиш ҳам хавфли”, дейди Бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ёрдамчиси.
БМТ маълумотларига кўра, жанглар натижасида Мариуполдаги турар-жой биноларининг 90 фоизи, тахминан 2600 иншоот вайрон бўлган.
БМТ вакилининг эслатишича, шу кунгача Украинада 10 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб қочган, шу жумладан украиналик болаларнинг ярмидан кўпи. Уларнинг қарийб 6,5 миллиони ички кўчирилганлар, 3,9 миллиони қўшни давлатларга қочқин сифатида кирган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь