Ухламай, ухлатмай ишлаётган вазир, уруғ-аймоғчиликка қарши қонун, футбол ўйнаган “Арқадағ” – янгиликлар дайжести

Жамият

image
Якунига етаётган 15 ноябрда Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай воқеликлар юз берди? Бугунги кун нимаси билан эсда қолди? Буларнинг бари QALAMPIR.UZ дайжестида.

Жамият 

ЙҲХББ ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди

Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳозир Қамчиқ довонида қор ёғмоқда. Шу муносабат билан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) ҳайдовчиларга мурожаат қилди.

Бошқарма ҳайдовчилардан бундай об-ҳаво шароитида қуйидагиларни сўраб қолган:

•    техник носозликлар, айниқса, руль бошқаруви ва тормоз тизимида носозликлари бўлган транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
•    иситиш тизими носоз бўлган, автотранспорт ойналари терлаб сунъий пардани ҳосил қилиб, кўринишни чеклайдиган транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
•    оралиқ масофани хавфсизлик даражасида ушлаш;
•    белгиланган тезлик талабларига аниқ риоя қилиш;
•    машинани маст ҳолда бошқармаслик.

Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлган мигрантлар ўзбекистонлик экани маълум бўлди

Аввалроқ Москва вилоятининг Солнечногорск районидаги қурилиш кабиналари шаҳарчасида содир бўлган ёнғин оқибатида тўрт нафар мигрант ҳалок бўлгани, икки нафари жароҳат олгани ҳақида хабар берган эдик. Улар Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчасидаги меҳнат мигрантлари яшайдиган турар жойда содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 13 ноябрь куни Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида ёнғин юз берган.

Жиззахда “иссиқ-совуқ”чи ушланди. Унинг рўйхатида ҳокимлик ва депутатликка даъвогарлар ҳам бўлган

Жиззах шаҳрининг “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг норасмий диний фаолият билан шуғулланиш ҳамда диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. 

Аниқланишича, Жиззах шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида яшовчи шахс хонадонида гўёки, фуқароларнинг ишларини яхшилаш учун сеҳр-жоду билан шуғулланиб келган. Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш жойи кўздан кечирилганда, 12 киши мижоз сифатида унинг ёнига келиб, навбат кутаётгани маълум бўлган.

Ниҳоят, давлат ташкилотларида уруғ-аймоғчиликни йўқотиш учун қонун ишлаб чиқилди

Давлат хизматига ишга қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик (непотизм) каби коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўйганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонунчиликка давлат хизматига ишга қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчиликни тақиқлаш ҳамда шундай ҳолатларга йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда.

Мусаев ухламай, ухлатмай ишлаяпти. Вазир ярим тунда йиғилиш ўтказгани расман хабар қилинди

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган Беҳзод Мусаев соҳадаги муаммолар кўплигидан ўзи ҳам ухламай, бошқаларни ҳам ухлатмай ишлаяпти. 

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистонда ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатиляпти ва ушбу хасталикларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли ортган. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, жорий йилнинг 13 ноябрь куни тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилган.

Андижонда 6 эркак томонидан зўрланганини айтган келинчак туҳмат учун жазоланди

Бундан 6 ой аввал, Андижон вилоятида олти киши томонидан зўрланганини айтиб, туҳмат қилган 5 ойлик келинчак 2,5 йил муддатга озодликдан чекланди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 май куни О.О. соат 17:00 ларда Андижон тумани, “Қорақалпоқ” МФЙда жойлашган дала шийпонида фуқаролар А.С., О.М., Б.Х., Х.М., М.Ж.. Б.А. ва А.М. томонидан зўрланганини айтиб, ижтимоий тармоқларга ёлғон хабар жойлаштирган. 

ОТМларда эскича журнал ва рейтинг дафтарчадан воз кечилади

Энди Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Талаба гувоҳномаси ҳам ID картага ўтказилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов жорий йилнинг 13 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор (йиғилиш)да маълум қилди.

“Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Бугундан ректорлар бу ишга киришиши керак. Талаба гувоҳномасини ҳам ID картага ўтказиш ва унда барча маълумотлар сақланиши бўйича бюджет лойиҳаси ҳам муҳокамада ҳозир”, дея таъкидлади Абдуқодир Тошқулов. 

Олам

Россияда қулликда сақланган ўзбекистонлик аёллар иши Европа судида кўрилади

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Москванинг Гольяново туманидаги озиқ-овқат дўкони эгалари қулликда сақлаётган Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг шикоятларини кўриб чиқади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сайтида айтилган. 

Таъкидланишича, суд беш жабрланувчининг иккита шикоятини бирлаштирган. Биринчиси 2016 йилда Ўзбекистон фуқаролари Гулжанар Назанова ва Бакия Қосимовалар ҳамда қозоғистонлик Фотима ва Алия Мусабаевалар номидан, иккинчи ариза 2018 йилда Қозоғистон фуқароси Несибели Ибрагимова томонидан юборилган. 

“Ердаги дўзах”. Афғонистонда йил охиригача 1 млн бола ўлиши мумкин

Жорий йил охиригача Афғонистонда тўйиб овқатланмаслик оқибатида камида 1 миллион бола ҳалок бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий вакили Маргарет Харрис маълум қилди.   

“Афғонистонда тўйиб овқатланмаслик муаммоси ўсишда давом этмоқда. 5 ёшгача бўлган 3,2 миллион бола йил охиригача тўйиб овқатланмаслиги мумкин. Улардан камида 1 миллиони жиддий тўйиб овқатланмасликдан ўлиш хавфи остида”, дейди ҳозир Афғонистонда бўлиб турган Харрис. 

АҚШда энг кўп қидирилган жиноятчи 52 йил ўтиб топилди

АҚШда энг кўп қидирилган жиноятчилардан бирининг шахси орадан 50 йилдан кўпроқ вақт ўтгач аниқланди. Бу ҳақда АҚШ суд хизмати хабар берган.  

Жиноятчи Теодор Конрад 1969 йилда банкда ишлаган ва иш жойидан 215 минг доллар (ҳозир бу 1,6 миллион долларга тўғри келади) ўғирлаган. Ўғирлик бир неча кундан кейин маълум бўлган. 

Орадан уч ой ўтгач, жиноятчи Гавайи меҳмонхоналаридан биридаги барда эр-хотин билан гаплашганидан кейин аниқланган. Шунга қарамай, Конрад 50 йилдан кўпроқ вақт давомида яшириниб юришга муваффақ бўлган. 

“Арқадағ” вазирлари билан мини-футбол ўйнади

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов вазирлари билан мини-футбол бўйича ўртоқлик мусобақаси ўтказди. Бу ҳақда TDH хабар берган. 

Тадбир Каспий денгизи соҳилидаги спорт мажмуасида санитария-гигиена меъёрларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган. 

Таъкидланишича, Туркманистон раҳбари ўз мисолида ёшларга соғлом турмуш тарзи ва жисмоний тарбия муҳимлигини кўрсатиб берган. 

“Сен Путиннинг қулисан”. Саакашвилининг қамоқдаги видеолари тарқатилди 

Грузия Жазони ижро этиш хизмати мамлакатнинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилининг қамоқхонада очлик эълон қилгани ва Рустави колониясидан қамоқхона шифохонасига мажбуран ўтказилгани акс этган янги кадрларни эълон қилди.

Саакашвилининг адвокатлари эълон қилинган кадрлар Грузиянинг учинчи Президентига нисбатан ғайриинсоний муносабатларни акс эттирган, деб ҳисоблайди.

Спорт

Ўзбекистоннинг бугунги рақиби Грузия қандай терма жамоа?

Бугун, 15 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси халқаро ўртоқлик учрашувлари доирасида Грузия терма жамоасига қарши майдонга тушади. 

Ўзбекистон ва Грузия терма жамоалари шу пайтгача бир марта тўқнаш келган. 2017 йилда бўлиб ўтган баҳсда жамоалар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Ўша ўйинда Элдор Шомуродов “салибчилар” дарвозасига иккита гол киритган. 

Грузия терма жамоаси 1991 йилдан буён халқаро майдонларда ўйнаб келади. 2021 йил октябр ҳолатига кўра, жамоа FIFA рейтингида 93-ўринда бўлса, UEFA рейтингида 39-ўриндан жой олган.

ПСЖ Неймар хизматларини “Барселона”га таклиф қилган

Бразилия терма жамоаси ҳамда ПСЖ ҳужумчиси Неймар ўзининг собиқ клуби “Барселона”га қайтиши мумкин. 

Манбанинг таъкидлашича, агар, парижликлар кутилмаганда Килиан Мбаппени жамоада сақлаб қолишга муваффақ бўлишса, клуб Неймардан воз кечиши мумкин. 

Хабарларга кўра, Париж клуби Неймар даври аллақачон тугаган деб ҳисобламоқда. Раҳбариятнинг фикрича, бразилиялик муҳим футболчидан муаммоли футболчига айланган. Шу сабаб, жамоани қайта тикламоқчи бўлган Франция гранди ёзда Неймарни сотишга қарор қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг