Ўзбекистоннинг бугунги рақиби Грузия қандай терма жамоа?

Спорт 1886
image

Бугун, 15 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси халқаро ўртоқлик учрашувлари доирасида Грузия терма жамоасига қарши майдонга тушади. 

Ўзбекистон ва Грузия терма жамоалари шу пайтгача бир марта тўқнаш келган. 2017 йилда бўлиб ўтган баҳсда жамоалар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Ўша ўйинда Элдор Шомуродов “салибчилар” дарвозасига иккита гол киритган. 

Грузия терма жамоаси 1991 йилдан буён халқаро майдонларда ўйнаб келади. 2021 йил октябр ҳолатига кўра, жамоа FIFA рейтингида 93-ўринда бўлса, UEFA рейтингида 39-ўриндан жой олган.

Грузия уй учрашувларини Тбилисидаги Борис Пайчадзе номидаги “Динамо Арена”да ўтказади. Терма жамоанинг саралаш босқичларидаги энг яхши натижалари 1996 йилги Европа чемпионати ва 2002 йилги Жаҳон чемпионати саралашидаги учинчи ўрин саналади. Энг ёмон натижаси эса ЖЧ-2010 саралашида қайд этилган. Ўшанда грузияликлар бирорта ҳам ғалаба қозонмай, антирекорд ўрнатган (3 дуранг ва 7 мағлубият). Шунингдек, ЖЧ-2018 саралаш босқичини ҳам ғалабасиз якунлаган (5 дуранг ва 5 мағлубият). Терма жамоанинг энг яхши тўпурари Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси собиқ бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳисобланади.

Грузия терма жамоасининг айни пайтдаги бош мураббийи Вилли Саньол ҳисобланади. У Франция терма жамоаси билан 2006 йилги Жаҳон чемпионатида 2-ўринни эгаллаган.

ЖЧ-2022 саралаш босқичида грузинлар “B” гуруҳида Испания, Швеция, Греция ва Косово терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди ва 7 очко билан 4 ўринни эгаллаган ҳолда Қатарда ўтадиган мундиал йўлланмасидан қуруқ қолди. Қозоннинг “Рубин” клуби аъзоси Хвича Кварацхелия жамоанинг энг таниқли футболчисидир. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўйин Тошкент вақти билан соат 19:00 да Гори шаҳридаги “Тенгиз Буржанадзе” стадионида бўлиб ўтади. 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3.1
t
×