Жиззахда “иссиқ-совуқ”чи ушланди. Унинг рўйхатида ҳокимлик ва депутатликка даъвогарлар ҳам бўлган

3-саҳифа 15763
image

Жиззах шаҳрининг “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг норасмий диний фаолият билан шуғулланиш ҳамда диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ хабар берди.

Аниқланишича, Жиззах шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида яшовчи шахс хонадонида гўёки, фуқароларнинг ишларини яхшилаш учун сеҳр-жоду билан шуғулланиб келган. Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш жойи кўздан кечирилганда, 12 киши мижоз сифатида унинг ёнига келиб, навбат кутаётгани маълум бўлган.

Текширув давомида фуқароларнинг исм-шарифи ёзилган 5 та дафтар топилган. Дафтарларда 100 дан ортиқ кишиларнинг фотосурати ҳамда сўраган ниятлари қайд этиб борилган. Ушбу дафтар кўздан кечирилганда, “иссиқ-совуқ” қилиш учун олинган буюртмалар орасида, хатто, ҳокимлик ва депутатликка даво қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳам борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаронинг хонадонидан диний мазмундаги 5 та китоб, 1 та от қамчиси, 9 дона ош пичоғи, 1 дона полиэтилен пакет ичидаги буюмлар ва 110 минг сўм пул расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, у тегишли рухсати бўлмаса-да, турли ёшдаги фуқароларга диний сабоқ бериб келгани аниқланган. Уларнинг орасида Фориш туманининг Илончиқ қишлоғида яшовчи мактаб ўқувчиси ҳам бўлган.

Жавобгар шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 2-қисми ҳамда 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқилиши учун Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган.

Суд ҳукмига кўра, фуқарога нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 470
Рейтинг: 3
t
×