ОТМларда эскича журнал ва рейтинг дафтарчадан воз кечилади
Жамият
−
15 Ноябрь 2021
4340Энди Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Талаба гувоҳномаси ҳам ID картага ўтказилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов жорий йилнинг 13 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор (йиғилиш)да маълум қилди.
“Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Бугундан ректорлар бу ишга киришиши керак. Талаба гувоҳномасини ҳам ID картага ўтказиш ва унда барча маълумотлар сақланиши бўйича бюджет лойиҳаси ҳам муҳокамада ҳозир”, дея таъкидлади Абдуқодир Тошқулов.
Шунингдек вазир видеоселектор давомида асосий эътиборни олий таълим тизимини рақамлаштириш масаласига қаратди. Айни вақтда “Hemis” ахборот дастури ишга туширилгани ва у орқали маъмурий, ўқув, илмий, молиявий йўналишлар бўйича барчаси рақамлаштирилишини айтди.
“Дунё тажрибасидаги каби тизим рақамлаштирилса, инсон омили минималлаштирилса, коррупция бўлмайди. Рақамлаштириш очиқлик, шаффофлик, адолатни беради, вақтни иқтисод қилади, энг муҳими харажатни қисқартиради”, дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири.
У шунингдек, хорижлик ҳамкасблари олдида уялиб қолаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Мен ҳозир хорижлик ректор ҳамкасбимиз олдида "буни энди қилаяпмиз" дейишга уялаяпман. Бу 10−15 йил олдин Европа, Ғарбда, Шарқда қилинган нарса. Лекин ҳечдан кўра кеч”, дея қайд этди Абдуқодир Тошқулов.
LiveБарчаси