Тўқаев Москвадаги Ғалаба парадига боради. Унинг яна бир мавқедоши маросимда қатнашиши маълум бўлди
Олам
−
08 Май 2023
13956Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Россияга боради. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Руслан Желдибай ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
“Давлат раҳбари 8-9 май кунлари Россияга амалий ташриф билан боради. Твер вилоятида президент Ржев ёдгорлигини зиёрат қилади ва қозоғистонлик 100 ва 101-ўқчи дивизияларнинг бирида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради”, дейди у.
Тўқаев шунингдек, амакиси Қосим Болтаев дафн этилган Трубино қишлоғидаги оммавий қабрни ҳам зиёрат этиши маълум қилинди. Ржев жангида Қозоғистондан чақирилган 22 мингга яқин аскар ва офицер қатнашган.
“9 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Қосим-Жомарт Тўқаев Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган парадда иштирок этади. Россия томони тантанали тадбирга МДҲ давлатларининг раҳбарларини таклиф қилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Арманистон вазирлар маҳкамасининг хабар беришича, Арманистон бош вазири Никол Пашинян бугун, 8 май куни Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Москвага боради. Пашинян Ғалаба кунига бағишланган тадбирларда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтгача Россияда Ғалаба кунида Путин билан парадни томоша қилиш учун Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвага етиб борган. Шунингдек, Россия Президенти Ғалаба парадини биргаликда нишонлаш учун Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедовга таклиф билдирганди.
Шунингдек, Путин 9 май арафасида Молдова ва Грузиянинг давлат раҳбарларидан ташқари барча МДҲ давлат етакчиларини табриклагани ҳақида хабар қилинди