Москвадаги Ғалаба куни парадларида биргина хорижий давлат раҳбари қатнашади
Олам
−
24 Апрель 2023
35977Ғалаба куни муносабати билан Москвада ўтказиладиган тантаналарда қатнашадиган ягона хорижий давлат раҳбари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бўлади. Бу ҳақда дипломатик манбаларга таяниб, “Ведомости” нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 31 март куни Президент Садир Жапаров Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукдан Россияга ташриф буюриш таклифини олган.
“8-9 май кунлари расмий ташрифингизни кутмоқдамиз. Ушбу ташриф энг муҳим умумий байрамимиз – Ғалаба кунини нишонлашга тўғри келгани алоҳида аҳамиятга эга. Албатта, Қирғизистон бу ғалабага ва Москва мудофаасига қандай ҳисса қўшганини ҳар доим эслаймиз, бу биз учун муқаддасдир”, деган Оверчук Қирғизистон Президенти билан учрашувда.
Айтилишича, Қирғизистон Президентининг ташрифи доирасида нафақат тантанали тадбирларда қатнашиш, балки юқори даражада музокаралар олиб бориш ҳам режалаштирилган. Россия Президенти Владимир Путин ва Садир Жапаров охирги марта 2022 йилнинг декабрида учрашган.
Маълумот учун, 2022 йилда ҳам Владимир Путин Ғалаба куни учун хорижий давлатлар раҳбарларининг ҳеч бирини Москвага таклиф қилмаган. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков буни юбилей сана эмаслиги билан изоҳлаган. 2021 йилда эса Москвадаги парадга хорижий етакчилар орасида фақат Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон келган.
LiveБарчаси