Тожик-қирғиз можароси: Душанбе ва Бишкек ўт очишни тўлиқ тўхтатишга келишди
Олам
−
01 Май 2021
7254Марказий Осиё Президентлари ўртасида қўнғироқлар тинмаяпти. Муҳокама марказида тожик-қирғиз можароси
Бугун, 1 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида икки давлат делегация раҳбарлари ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва қўшинларни чегарадан узоқлаштиришга келишиб олди.
Маълум бўлишича, Қирғизистон делегациясига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев, Тожикистон делегациясига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.
Музокаралар давомида томонлар мавжуд вазиятни ва қирғиз-тожик давлат чегарасидаги зиддиятни ҳал қилиш бўйича кейинги ҳаракатларни муҳокама қилган.
Тошиев ва Ятимов ўзаро келишиб олгани ва барча масалалар бўйича бир тўхтамга келганини маълум қилган. Энди чегарада тинчлик ўрнатилиши керак. Музокаралар якунлари бўйича тегишли баённома имзоланган.
Бугун, 1 май куни Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари Садир Жапаров ҳамда Имомали Раҳмон ўртасида бир сутка ичидаги иккинчи телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди.
Унда икки давлат раҳбарлари ўт очишни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги келишувларга риоя қилиш ва ҳарбийларни доимий жойлашиш зоналарига қайтариш масалаларига эътибор қаратган.
Аввалроқ, 30 апрель куни Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
LiveБарчаси