Марказий Осиё Президентлари ўртасида қўнғироқлар тинмаяпти. Муҳокама марказида тожик-қирғиз можароси
Олам
−
01 Май 2021
10302Хабарингиз бор, сўнгги кунларда пайдо бўлган Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудидаги кескинлик музокаралар ҳамда ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳга қарамай сақланиб қолмоқда.
Бугун, 1 май куни Марказий Осиё давлат раҳбарлари тожик-қирғиз чегарасидаги можарони тез фурсатларда конструктив ҳал қилиш мақсадида ўзаро телефон орқали суҳбатлашди.
Раҳмон ва Жапаров
Бугун Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбат қилган. Суҳбатда икки давлат раҳбарлари чегараолди ҳудудларидаги вазиятни нормаллаштириш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш тўғрисида гаплашган.
“Суҳбатда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги келишувларга риоя қилиш ва ҳарбийларни доимий жойлашиш зоналарига қайтариш масалаларига эътибор қаратилди”, дейилади Тожикистон Президенти Матбуот хизмати берган хабарда.
Маълум қилинишича, улар икки томон ишчи гуруҳларининг биргаликдаги фаолияти ҳамда делимитация ва демаркация бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш ҳақида ҳам гаплашган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган.
Тўқаев ва Жапаров
Бугун Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасида ҳам телефон орқали суҳбат бўлган. Унда асосий эътибор Қирғизистон ва Тожикистон чегараларидаги вазиятга қаратилган. Суҳбатда Тўқаев агар эҳтиёж пайдо бўлса, Бишкекка гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
“Қосим-Жомарт Тўқаев Садир Жапаров ва қирғиз халқига биродар давлат фуқароларининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Қозоғистон Президенти таъкидлаганидек, бундай чегара муаммолари фақат тинчлик йўли билан, ўзаро тушуниш ва яхши қўшничилик руҳида ҳал қилиниши керак”, дейилади Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати берган хабарда.
Тўқаев ва Раҳмон
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугуннинг ўзида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали суҳбат қилди.
У тожик-қирғиз чегарасидаги вазият юзасидан Тожикистон Президентига ўз хавотирини билдирган.
“Қосим-Жомарт Тўқаев чегарадаги кескин вазият ҳам қўшни давлатлар, ҳам уларнинг фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солаётгани тўғрисида хавотир билдирди. Қозоғистон Президенти чегарага оид мураккаб масалаларни конструктив музокаралар жараёнида, ишонч ва дўстлик руҳида ҳал қилиш керак деган фикрни илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ўзаро тийилиш, ҳарбий ҳаракатларнинг авж олишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳимдир”, дейилади Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати берган хабарда.
Қайд этилишича, Қосим-Жомарт Тўқаев келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун келишувларга эришиш мақсадида Душанбеда саммит ўтказиш тўғрисидаги таклифни мамнуният билан қабул қилган.
Мирзиёев ва Жапаров
Бугун Қирғизистон Президенти тожик-қирғиз чегарасидаги вазият юзасидан биринчи бўлиб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашди. Бу – чегарада можаро чиққанидан бери Жапаров ва Мирзиёев ўртасидаги иккинчи телефон орқали суҳбат.
Кеча, 30 апрель куни бўлиб ўтган биринчи суҳбатда Президентлар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юзага келган вазиятни ва уни тез фурсатда ҳал қилишни муҳокама қилган бўлса, бугун ҳам ушбу мавзу муҳокама марказида бўлди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
LiveБарчаси