Тожик-қирғиз чегарасида вазият қандай? Мирзиёев яна Жапаров билан қўнғироқлашди
Жамият
−
01 Май 2021
6827Бугун, 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров телефон орқали мулоқот қилдилар.
Суҳбатда куни кеча ўтган мулоқотлар давоми сифатида икки давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилдилар.
Ўз вақтида кўрилган ва ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегараси қисмидаги вазиятни барқарорлаштиришга эришилгани ва унинг кескинлашишига йўл қўйилмагани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Марказий Осиё минтақасидаги барча масалаларни биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида конструктив ва ишончга асосланган мулоқот орқали биргаликда ҳал қилиш борасида қатъий эканликларини яна бир бор таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев кеча, 30 апрель куни ҳам Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди. Президентлар Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилганди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олди.
Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини маълум қилган.
Томонлар қуролли тўқнашувлардан музокаралар столига ўтиши билан ҳарбийларни аввалги жойига қайтариш бошланди. Қирғизистонда эса икки кунлик миллий мотам эълон қилинди.
LiveБарчаси