Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш стратегияси қабул қилинади
−
17:04 294 2 minutes
Ўзбекистонда яқин вақтда туризмни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида ўтказган қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашувда сўз борди.
Қайд этилишича, Президент туризм соҳасида тадбиркорликни рағбатлантириш учун кенг кўламли имтиёзлар белгиланганини эслатган.
Жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун миллий валютада 16 фоизли молиявий ресурслар ажратилган, ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилган. Юлдузли меҳмонхоналарга субсидиялар бериш муддати яна икки йилга чўзилган.
Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туроператорлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган. Туристик транспорт воситаларини импорт қилишда божхона имтиёзлари бир йилга узайтирилиб, утилизация йиғими бекор қилинган.
Яқин вақтда туризмни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда хорижлик сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг иқтисодиётдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизга ошириш ва соҳа экспортини 10 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилинмоқда.
Янги туризм лойиҳалари учун ер майдонлари тайёрлаш ва инфратузилма яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Илгари ҳудудларнинг энг қулай ва сўлим жойларидан 1 минг 200 гектар ер захира қилинган. Энди ҳокимларга қўшимча 5 минг гектар майдонни туризм лойиҳаларига тайёрлаш топширилган.
Жорий йилнинг ўзида туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 2 триллион сўм йўналтирилган. Президент бундай имкониятларни янги инвестиция лойиҳалари ва иш ўринларига айлантириш зарурлигини таъкидлаган.
25-27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми ўтказилади. Унда 25 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд йирик инвестор иштирок этиши кутилмоқда.
Ҳудудлар раҳбарларига форумга пухта тайёргарлик кўриб, шаҳар ва туманларнинг туристик салоҳиятини намойиш этиш вазифаси қўйилган.
Live
All