“Толибон” Тожикистон ва Қирғизистонга: “Муаммоларингизни тинч йўл билан ҳал қилинг”
Олам
−
07 Июнь 2021
31821“Толибон” ҳаракати Тожикистон ва Қирғизистонни “ўз муаммоларини диалог орқали ҳал қилиш ва ҳар икки давлатга фойда келтирадиган мантиқий ечим излашга” чақирди. Бу ҳақда “Азия-Плюсь” хабар бермоқда.
Қуйидаги хабар жорий йилнинг 5 июнь куни “Толибон” ҳаракати вакили Забеҳулло Мужоҳид томонидан тарқатилган:
“Ислом амирлиги (ташкилот ўзини Ислом амирлиги деб атайди — таҳр.) икки исломий ва қардош мамлакатларни ўз муаммоларини диалог орқали ҳал қилишга чақиради”.
“Толибон”нинг Марказий Осиёдаги икки мамлакатни ўзаро келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақириши АҚШ билан тинчлик битими имзолангани ва Афғонистон ҳукумати билан келишув бўйича музокаралар олиб боришга рози бўлганига қарамай, гуруҳ ушбу мамлакатда жангавор ҳаракатларини давом эттираётган пайтга тўғри келмоқда.
Шунингдек, Забеҳулло Мужоҳид ўз хабарида шундай ёзади:
“Бизда урушларнинг зарари борасида жуда кўп амалий тажриба бор. Уруш бошланиши осон кўриниши мумкин, аммо урушнинг ҳақиқий бориши, унинг оқибатлари ва йўқотишлари анча катта бўлади”.
Маълумотларга кўра, “Толибон” аввалроқ Тоғли Қорабоғдаги Озарбайжон-Арманистон можароси бўйича ўз позициясини билдирган эди. Ҳаракат БМТ резолюциясига мувофиқ, бу минтақа Озарбайжон ҳудудининг бир қисми, аммо Арманистон минтақани эгаллашда давом этаётганини маълум қилганди.
Маълумот учун, Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” ҳаракати Афғонистонга қўшни — Марказий Осиё давлатларини, шу жумладан Тожикистонни ўз ҳудудида хорижий базаларни жойлаштирмасликка чақириб, огоҳлантирганди.
Афғонистон атрофидаги вазият
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланди.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.
Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.
Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди.