Уқубатлар хатога йўл қўйганлар зиммасига тушади – “Толибон” Марказий Осиё давлатларини огоҳлантирди
Олам
−
26 Май 2021
39820“Толибон” ҳаракати Афғонистонга қўшни давлатларни, шу жумладан Тожикистонни ҳам ўз ҳудудида хорижий базаларни жойлаштирмасликка чақирди.
Толиблар бу баёнотни АҚШнинг Марказий Осиё минтақасида ўз ҳарбий базаларини ташкил этиши тўғрисидаги кўплаб хабарлар фонида берди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.
“Ерларимиз бошқаларнинг хавфсизлигига қарши ишлатилмаслиги ҳақида бир неча бор таъкидлаганмиз, шунингдек, бошқаларни ҳам ўз ерлари ва ҳаво ҳудудидан мамлакатимизга қарши фойдаланмасликка чақирамиз”, дейилади ҳаракат баёнотида.
“Толибон” акс ҳолда “барча қийинчиликлар ва уқубатлар учун жавобгарлик бундай хатоларга йўл қўйганларнинг зиммасига тушишини” таъкидлади.
“Марказий Осиё давлатларини ўз ҳудудига чет эл қўшинларини кириб келишига йўл қўймасликка чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин АҚШ Афғонистондаги таъсирини йўқотмаслик учун ўз қўшинларини Ислом Республикасидан қўшни мамлакатларга ўтказишни истаётганини таъкидлаган эди.
Қайд этиш керакки, Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий базаси мавжуд. Бу шунчаки номига ҳарбий база эмас, балки ҳар томонлама фаол ва геополитик нуқтайи назардан Россия учун жуда муҳим объект.
Фикрнинг исботи сифатида қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистондаги 201-ҳарбий база Марказий Осиё минтақаси бўйлаб тинчликни сақлашда муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаган бўлса, Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон Президентига ушбу базанинг фаоллигини таъкидлаб, шундай деган:
“Биз уни кучайтириш, тожик Қуролли Кучларини яхшилаш учун иш олиб бормоқдамиз. Бизда ушбу соҳада бир неча йилларга мўлжалланган бутун бошли дастур мавжуд. Унинг ўз вақтида бажарилиши учун ҳамма нарсани қиламиз”.
“Бир қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамас”, деганларидек Тожикистон АҚШ қўшинлари учун кейинги манзил бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Афғонистон билан ўзаро чегарага эга бўлган Марказий Осиёнинг бошқа бир давлати Ўзбекистонга келадиган бўлсак, бу мамлакат гарчанд АҚШ ҳарбий базасини ўз ҳудудида жойлаштириш бўйича тажрибага эга бўлса-да, эндиликда қонунчилик бунга йўл бермайди. Жумладан Ўзбекистон Конституцияси, 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва 2012 йилда қабул қилинган мамлакат ташқи сиёсат концепциясида “Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий база ва объектлар жойлаштиришга йўл қўймаслиги” қайд этилган.
Афғонистон атрофидаги вазият
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланди.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.
Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди.
LiveБарчаси