Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувлар қанча ҳарбийнинг “ёстиғини қуритгани” айтилди

Олам

image

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларда 550 нафар Арманистон ҳарбийси ўлдирилган. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, мудофаа идорасининг маълум қилишича, Арманистон Қуролли кучларининг 22 та танк ва бошқа оғир техникалари, 15 та “ОСА” зенит-ракета мажмуаси, 18 та дрон, 8 та артиллерия ва 3 та қурол-яроғ омбори йўқ қилинган.

Расмий Баку ўзининг йўқотишларига аниқлик киритмаган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, тўқнашувларда 200 нафар озарбайжонлик аскар ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 30 танк ва зирҳли техникалар ҳамда 20 та дрон йўқ қилинган.

Маълумот учун, Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида Тоғри Қорабоғдаги қарама-қаршилик нуқтасида кеча, 27 сентябрь куни эрталаб тўқнашувлар бошланди. Тўқнашувнинг юз беришида икки томон ҳам бир-бирини айблади.

Ҳодисага муносабат билдирган Россия ҳар икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўраган эди. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск гуруҳини эса 30 йилдан бери бу масалага кўз юмиб келишда айблади. Шунингдек, расмий Теҳрон ва НАТО ҳам томонларни музокаралар столига чақирганди. Ўзбекистон эса МДҲга раис мамлакат сифатида тарафларнинг ҳаракатларидан ташвишдалигини билдириб, уларни вазминликка чақирди. АҚШ Президенти Дональд Трамп тилга кириб, ҳолатни кузатаётганини ва унга бирор таъсир ўтказа олиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди

Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зудлик билан сулҳ тузишни таклиф қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

566

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made