Расмий Тошкент Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли можарога муносабат билдирди
Жамият
−
27 Сентябрь 2020
20350Расмий Тошкент бугун, 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон алоқа линиясида бошланган ва тинч аҳолининг қурбон бўлишига сабаб бўлган қуролли тўқнашувларга нисбатан муносабат билдирди.
Ўзбекистон томонига кўра, Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасидаги муносабатларда кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда
“Ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз”, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг рус тилида эълон қилган баёнотида.
Бундан аввал Россия ҳам икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўраган эди. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск гуруҳини эса 30 йилдан бери бу масалага кўз юмиб келишда айблади. Шунингдек, расмий Теҳрон ва НАТО ҳам томонларни музокаралар столига чақирганди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зудлик билан сулҳ тузишни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь