Тасодифми ёки?.. Туркиядан сўнг Францияда ҳам дон омборида ёнғин чиқди (видео)
Олам
−
10 Август 2023
5956Франциянинг жануби-ғарбидаги Шаранта денгиз департаментида жойлашган Ля-Рошель порти яқинида, дон силосида ёнғин чиқди. Бу ҳақда “France Bleu” хабар берди.
Қайд этилишича, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 08:00 да бошланган. Фавқулодда вазиятга алоқадор барча хизматларни мувофиқлаштириш учун департаментда махсус марказ ташкил этилган. Ёнғинни ўчириш учун ҳозиргача 96 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинган. Олов SICA Atlantique дон силосида (дон маҳсулотлари сақланадиган жой) чиққан ва яна учта силосга тарқалган. Ҳудудда яшовчи аҳолидан ҳодиса жойига бомаслик ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралган.
Расмийларнинг таъкидлашича, ёнғин бино ичида жойлашган донни кўтариш учун мўлжалланган конвейерда бошланган бўлиб, олов силосларда сақланаётган минглаб тонна донга таъсир қилмаган. Объектда портлаш хавфи йўқ, бироқ ёнғин ҳозирча тўлиқ ўчирилмаган.
Маълумот учун, Франция Европа Иттифоқидаги энг йирик дон етиштирувчи мамлакат ҳисобланади. Ўз навбатида Ля-Рошель дон омбори Франциядаги энг йирик омборлардан бири ҳамдир.
Эслатиб ўтамиз, бу уч кун ичида дон сақланадиган объектларда содир бўлаётган иккинчи шундай ҳолат. Бундан аввал Туркиянинг Кожаэли вилоятидаги Деринже бандаргоҳида кучли портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида 15 минг тонна дон яроқсиз ҳолга келган. Мазкур портлаш саботаж ҳаракати бўлиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаяпти. Дон объектларида кетма-кет содир бўлаётган ёнғин ва портлашларнинг жаҳон бозоридаги нархларга таъсири қандайлиги ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Дон келишувининг якунланиши
Жорий йилнинг 17 июль куни Россия Украина, Туркия ва БМТ билан тузилган дон йўлаги келишувини узайтиришни истамагани учун Қора денгиз орқали дон ва озиқ-овқат етказиб бериш тўхтаб қолди. Шундан сўнг, Украина донининг асосий импортчилари бўлган Африка мамлакатларида очарчилик юзага келиши хавфи ортди. Европа Иттифоқи ва БМТ Россияни озиқ-овқатни қурол сифатида фойдаланишда айблади. Дон келишувининг бекор қилинишидан бир кун ўтиб Россия томонидан Украинанинг Одесса портига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилди. Оқибатда 60 минг тонна дон йўқ қилинди.