Туркиядаги дон бандаргоҳининг портлаши қўпорувчилик ҳаракатимиди?

Олам

image

Кеча, 7 август куни Туркиянинг Кожаэли вилоятидаги Деринже портида кучли портлаш содир бўлгани ҳақида маълумот берган эдик. Мамлакат расмийлари ушбу ҳолатнинг саботаж эканини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда CNN Turk телеканали хабар берди

Қайд этилишича, портлаш сабаблари бўйича ҳозирча якуний хулоса йўқ, аммо ҳозирда мутахассислар видеокузатув камералари тасвирлари ва ҳодисага оид бошқа маълумотларни ўрганмоқда.

“Портда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Текширувдан ўтмаган шахслар у ерга киритилмайди, хоҳ у давлат амалдори бўлсин, хоҳ хизматчи бўлсин. Табиийки, барча версиялар баҳоланади. Лекин саботаж эҳтимоли энг заиф кўринади”, дейди портлаган дон элеваторига эгалик қилган Туркия дон кенгаши бош директори Аҳмет Гулдап. 

Гулдапнинг сўзларига кўра, бандаргоҳда 16 та дон элеватори бўлиб, улардан 13 таси портлаш оқибатида шикастланган. 

“Ушбу элеваторларнинг умумий сиғими 95 минг тоннани ташкил этади. Уларга 75 минг тонна дон – буғдой ва бир оз арпа юкланган”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия Украина, Туркия ва БМТ билан тузилган дон йўлаги келишувини узайтиришни истамагани учун Қора денгиз орқали дон ва озиқ-овқат етказиб бериш тўхтаб қолганди. Шундан сўнг, Украина донининг асосий импортчилари бўлган Африка мамлакатларида очарчилик юзага келиши хавфи ортди. Европа Иттифоқи ва БМТ Россияни озиқ-овқатни қурол сифатида фойдаланишда айблади. Дон келишувининг бекор қилинишидан бир кун ўтиб Россия томонидан Украинанинг Одесса портига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилди. Оқибатда 60 минг тонна дон йўқ қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия дон бандаргоҳ қўпорувчилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made