Сурияга дронлар ҳужум қилди. 100 га яқин қурбонлар бор
Олам
−
06 Октябрь 2023
5168Кеча, 5 октябр куни Сурия ғарбидаги Хомс шаҳридаги ҳарбий коллежга дронлар ҳужум қилиши оқибатида 80 киши ҳалок бўлиб, 240 киши жароҳатланди. Бу ҳақда SANA хабар берди.
Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (СONR) маълумотларига кўра, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари олти аёл ва олти бола ҳалок бўлганини маълум қилган. Баъзи манбалар ҳужум оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.
Ҳужум ҳарбий хизматчилар ва уларнинг яқинлари иштирок этган битирув маросимида содир бўлган. Ушбу маросимда Сурия Мудофаа вазири Али Маҳмуд Аббос ҳам қатнашган. Эътиборлиси, у дрон ҳужумидан бир неча дақиқа олдин тадбирни тарк этган.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Сурия ҳукумати қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Исроил самолётлари Суриянинг Алеппо (Халаб) халқаро аэропортига ракета ҳужуми, 30 мартда эса Дамашқ яқинидаги нишонларга ҳаво ҳужуми уюштирганди. 29 апрелда Исроил армияси Суриянинг Хомс вилоятидаги бир қатор нишонларга яна ракета учирди. Оқибатда уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Исроил расмийлари эса анъанага содиқ қолган ҳолда бу борада баёнот беришдан ўзини тийган. 14 июнда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита F-15 тактик қирувчи самолёти босиб олинган Голан тепаликлари ҳаво ҳудудидан Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги объектларга тўртта масофадан туриб бошқариладиган авиабомбалар билан ҳужум қилди.
25 июнь куни Россия самолётлари Суриянинг Идлиб вилояти Жиср аш-Шугур шаҳри марказидаги сабзавот бозорини ўққа тутди. 2 июлда Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакатнинг марказий қисмлари бўйлаб Исроил томонидан берилган ракета зарбасини тўхтатди ва ракеталарнинг аксарият қисмини уриб туширди.
6 август куни Ливаннинг “Al-Akhbar” газетаси АҚШ бошчилигидаги коалиция Суриядаги ўз таъсир зонасида қўшинларни қайта тўплашга тайёрланаётганини ёзди. Эртаси куни Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги ҳарбий объектларга ҳаво ҳужуми уюштирди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь