АҚШ Сурияда қўшинларини қайта тўплашга киришган – ОАВ
Олам
−
06 Август 2023
9083АҚШ бошчилигидаги коалиция Суриядаги ўз таъсир зонасида қўшинларни қайта тўплашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Ливаннинг “Ал-Ахбар” газетасига таяниб “Известия” хабар берди.
Нашрга маълум бўлишича, янги операциядан мақсад асосий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган таъминот йўли ва Ироқ билан чегарадаги ўтиш жойи бўлган Абу-Камол шаҳрини эгаллаб олишга уринишдир.
Шу тариқа Вашингтон Эроннинг Ироқ орқали товарлар етказиб беришига тўсқинлик қилмоқчи.
“Агар бу шаҳар уларнинг қўлида ёки расман курдлар қўл остида бўлганида шундай ҳолат юзага келган бўлардики, Эрон турли юкларни Ироқ ҳудуди орқали Сурияга, сўнгра Ливандан “Ҳизбуллоҳ”га етказолмай қоларди”, дейди шарқшунос, публицист Андрей Онтиков “Известия” билан суҳбатда.
Шу билан бирга, у Абу-Камолнинг қўлга олиниши Сурия армияси ва уни қўллаб-қувватловчи кучлар билан тўғридан-тўғри тўқнашувни назарда тутишини айтиб ўтган.
Нашрга кўра, бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ, аммо сўнгги пайтларда Абу-Камол атрофи Исроил армияси томонидан бир неча бор ўққа тутилган.