Исроил яна Сурияга авиазарба берди
Олам
−
15 Июнь 2023
6543Кеча, 14 июнь куни соат 01:06 да Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита F-15 тактик қирувчи самолёти босиб олинган Голан тепаликлари ҳаво ҳудудидан Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги объектларга тўртта масофадан туриб бошқариладиган авиабомбалар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.
Суриядаги урушаётган томонларни яраштириш бўйича Россия маркази раҳбари ўринбосари контр-адмирал Олег Гуринов Сурия армияси Россияда ишлаб чиқарилган “Бук-М2Э” ракета комплекслари ёрдамида битта ҳаво бомбаси уриб туширилганини маълум қилди. Қайд этилишича, Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида иккита омборхона зарар кўрган ва бир суриялик ҳарбий оғир яраланган.
SANA ахборот агентлиги Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Дамашқ чеккасида осмондаги ҳужумни қайтараётгани ҳақида хабар берган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари охирги марта жорий йилнинг 29 май куни Дамашқ чеккасига ҳужум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни Сурия шимоли-шарқида вертолёт қулаши оқибатида 22 нафар америкалик ҳарбий хизматчи яраланган эди.
Бундан ташқари, Исроил армияси Суриянинг Хомс вилоятидаги бир қатор нишонларга ракета ҳужуми уюштириши оқибатида уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганди.
Иброҳимжон Ғаффоров