Содда одамлар “провокациялар”га учиб қолиши мумкин – Кушербоев Қозоғистондаги воқеалар ҳақида

Жамият

image

“Шу кунларда яна бир бор тинчликнинг аслида қандай неъматлиги, оила бағрида эсон-омон турмуш кечириш нелигини ўйлаб кўришга тўғри келаяпти, кўп нарсани тушунаяпмиз”. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди. У Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдараркан, айрим содда ва ишонувчан инсонларни номаълум кучларнинг “провокацияси”га учиб қолиши мумкинлигини урғулади. 

“Қариндош ва дўст-у биродарларим яшайдиган Қозоғистондаги воқеалар кўпчилик қатори мени ва оиламизни ҳам хавотирга солмоқда. Алоқа қилиш имконияти чеклангани сабабли ҳаловатимиз йўқолган.

Шу кунларда яна бир бор тинчликнинг аслида қандай неъматлиги, оила бағрида эсон-омон турмуш кечириш нелигини ўйлаб кўришга тўғри келаяпти, кўп нарсани тушунаяпмиз.

Қозоғистондаги нотинчлик тезроқ бартараф бўлиши, одамлар ўзларининг кундалик тинч турмушига қайтишини чин дилдан истаяпмиз. Айниқса, айрим содда ва ишонувчан инсонларни номаълум кучларнинг “провокацияси”га учиб қолиши мумкинлиги ташвишга соляпти.

Нима бўлганда ҳам бўлаётган ишлар тез кунларда бартараф бўлиб, томонлар ўзаро мулоқот асосида ягона мақсад-тинчлик йўлида бирлашиб, мамлакат барқарорлигини сақлаб қолишларига ишонамиз”, дейди депутат. 

У сўзи сўнгида қозоғистонлик оға-ини ва опа-сингилларига мавжуд вазиятни босиқлик ва закийлик билан баҳолаб, зўравонликсиз, қатъий ирода билан енгиб чиқишларига тилак билдирган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди.  Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

365

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг