Шифокорнинг ўлимида ким айбдор? Унинг оёқ-қўллари нега боғлаб қўйилганди? Марҳумнинг рафиқаси билан суҳбат
Интервью
−
16 Сентябрь 2020
38452Аввалроқ, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош шифокорнинг ҳибсга олиниши бўйича расмий маълумот берди. Унда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани айтилди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Шифокорнинг ҳибсланиши ва унга нисбатан очилган жиноят иши тафсилотларини ўрганиш мақсадида Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов билан суҳбатлашган эдик. Суҳбатда Гулжаҳон Йўлдошев раҳбарлик қилиб келаётган шифохонада асли шифокор бўлган коронавирусга чалинган бемор Фаррух Рустамов даволанаётгани, Йўлдошева уни оғир аҳволда Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказишга урингани, ҳеч қандай рухсатсиз беморни Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборгани, бемор ушбу диспансерда вафот этгани ойдинлашди.
Бу орада марҳум Фаррух Рустамовни Руҳий касалликлар шифохонасига нега қабул қилингани, оғир аҳволдаги беморни СOVID касалликлари учун мўлжалланмаган Руҳий касалликлар диспансерига қабул қилингани юзасидан, Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносированинг фикрларини ўргандик.
Марҳум Фаррух Фарҳодович Рустамов Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими фаолият олиб борган. У Сovid касалликларини даволаш мақсадида 14 кунлик карантин зонасида меҳнат қилиб, коронавирус юқтириши оқибатида вафот этди. У Президент фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланди.
QALAMPIR.UZ Марҳумнинг турмуш ўртоғи Камола Рустамова билан суҳбатлашди.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Камола Хотамовна Турмуш ўртоғингиз ҳақида айтиб бера оласизми?
Камола Хотамовна марҳум Рустамовни турмуш ўртоғи: — Турмуш ўртоғим Фаррух Фарҳодович Рустамов Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлимида фаолият олиб борганлар. Турмуш ўртоғим оқ кўнгил, ҳеч кимга ёмонлик раво кўрмайдиган одам бўлганлар. Шифокор сифатида ҳам ўз касбларини севган инсон эдилар. 2005 йилда институтни тугаллаб, ишни талабалик вақтларидан санитар бўлиб бошлаб, шифокор даражасигача кўтарилдилар.
Ф.Н.: —Турмуш ўртоғингиз карантин зонасида иш фаолиятларини олиб борганлари ҳақида айтиб бера оласизми?
К.Р.: — 7 июль куни соат 00:00 атрофида уйга шошиб келиб, тезроқ керакли нарсалари, кийимларини жамлаб беришимни, буйруқ чиққани ва Зангиотадаги карантин марказига 14 кунга боришларини айтдилар. Тўғриси боришларини истамадим ва ўзларига ҳам бу соғлиқларига тўғри келмаслиги, уларда қандли диабет касаллиги борлигини айтдим.
Керакли буюмларни жамлаб бир соатда отланиб чиқиб кетдилар. Орадан вақт ўтиб қўнғироқ қилиб шароитни сўрадим, буйруқлари ҳали келмагани, эртаси куни келишини айтдилар. Мен улардан ҳимоя кийимлари борми деб сўрадим. Ҳамма шароит борлигини айтиб, мени хотиржам қилдилар. Касаллар оғирлиги, касалланганлар сони кўпайиб кетаётганини ҳақида гаплашдик. Бизга уйдан чиқмасликни ва болаларни, ёши катта қайнота-қайнонамни эҳтиёт қилишимни айтдилар. Бир ҳафтадан сўнг телефон орқали гаплашдик. Ҳароратлари 39 даражагача чиқибди. Укол қилдирибдилар. Бу вазиятда беморларни ташлаб кета олмасликларини айтдилар. Реанимацияда бир ўзлари ишлаётганлари сабабли, ёнларига яна бита шифокорни ёрдамга чақиришларини илтимос қилгандилар ўшанда.
Орадан икки ҳафта ўтиб уйга ёмон аҳволда қайтдилар. Икки ҳафта ичида 10 килограммга озгандилар. Дори ёзиб бердилар ва менга олиб келиб ўзим укол қилишимни сўрадилар. Бу орада болалар билан умуман кўришмасдан, хоналарини алоҳида қилиб олдилар. Уколларни олгандан сўнг анча аҳволлари яхшиланди ва Зангиотага қўнғироқ қилиб Коронавирусга топширган тест натижасини билдилар. Натижалар ҳали келмагани лекин телефон орқали натижаси яхши чиққанини айтишди. Бу хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлдик.
Эртаси куни саҳарлаб туриб қандли диабет таҳлилига қон топширишларини айтдилар. Қайнотам билан бирга кетишди, лекин йўлда реанимацияга олиб боришларини, анализ топшириб шифохонада қолишларини айтибдилар. Соат 12:00 да реанимацияга кўргани бордим, ўшанда соат 15:00 да компьютер томографияга боришимиз кераклигидан хабар топдим. Томография натижаси икки томонлама пневмония кўрсатди ва уйга бормасликлари, шифокорлар билан маслаҳат қилиб юқумли касалликлар шифохонасига боришларини айтдилар.
Мен уйга кетдим. Кейин телефон орқали гаплашдик. Улар менга дорилар рўйхатини ёздирдилар ва мен бу дориларни олиб шифохонага беришим кераклигини уқтирдилар. Мен дориларни олиб шифохонага киритиб юбордим.
Телефон орқали гаплашиб турдик, ҳаммаси яхши экани, барча муолажаларни вақтида олаётганларини айтдилар. Ўзларини доимий назоратда ушлаётганларини айтиб, мени хотиржам бўлишимни таъкидладилар. 5,6 кун доимий гаплашиб турдик. Кислородсиз нафас ололмаяпман деганлари тўғриси мени хавотирга солди. Еттинчи кун телефонга жавоб бермадилар. Шифокорлардан сўрасам аҳволлари яхши эканини айтишди. Кислородсиз нафас ололмаяпман деганларини шифокорларга айтганимда, “йўқ, яхши фақат боши оғрияпти, психологик ҳолати яхшимас”, жавоб қилишди.
Ф.Н.: — Сиз аввал ҳам турмуш ўртоғингизда психологик ўзгаришни сезганмисиз?
К.Р.: — Турмуш қурганимизга 15 йил бўлган бўлса, умуман бундай ҳолатни сезмаганман. Жуда оғир-босиқ инсон эдилар. Ҳатто, болаларни койисам, қаттиқ гапирсам, болага бақирмаслигим, тўғри тушунтиришимни айтардилар.
Ф.Н.: —Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси шифокори турмуш ўртоғингизда руҳий бузилиш борлиги сабабли уни руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказган. Нима учун шундай қилган? Улар ўртасида келишмовчилик бўлганми?
К.Р.: — Шунга умуман тушунмадим. Ҳар томонлама ўйлаб кўрдим, лекин ечим тополмадим. Нима учун бу аҳволда олиб боришганининг сабабини била олмадим. Мен Руҳий асаб касалликлари диспансерига борганимда, турмуш ўртоғимнинг оёқ-қўлларини боғлаб қўйишганди. Яна шуни айтишим керак, ётган жойларида фақат каравот бор эди, биринчи ёрдам кўрсатишга ҳам шароит йўқ эди. Ҳамширадан нега оёқ-қўлларини боғлаб қўйишганини сўрадим. У беморнинг оёқ-қўллари боғлаб қўйилиши буюрилганини айтди. Акс ҳолда жанжал кўтариши мумкин экан. Яна у турмуш ўртоғим келганидан буён умуман қимирламаганини қўшимча қилди.
Ф.Н.: — Карантин марказига борган шифокорлар уйга қайтишларидан олдин Covid учун тест топширишлари шарт. Турмуш ўртоғингиз тест топширганлару натижасини кутмай уйга қайтганлар. Зангиотадаги шифокорлар кетма деб айтишмаганми?
К.Р.: — Кетишларидан бир кун аввал анализ олишган. Бош шифокор у ерда қолишларини оз бўлса-да даволанишларини айтган. Лекин турмуш ўртоғим шифокорлари қабулига боришлари ва уйда даволанишларини айтганлар.
Ф.Н.: —Карантинга борган шифокорларга қўшимча рағбат пуллари берилади, турмуш ўртоғингиз ҳам бу пулларни беришдими?
К.Р.: —Ҳа, пулларни олдик. Биринчи борганимда 20 млн кейин эса яна қолганини беришди.
Ф.Н.: —Фарзандларингиз нечта ва ким билан истиқомат қиласиз?
К.Р.: — Бир ўғил ва икки қизимиз бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз.
Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси