Шавкат Мирзиёев Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди
Жамият
−
16 Июль 2021
2231Бугун, 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференция доирасида Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Туркия билан муносабатларнинг самарали ва жадал руҳини мамнуният билан қайд этди. Икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқоти дўстлик ва стратегик шериклик ришталарини мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда.
Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистон Президентига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Учрашувда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Ушбу мамлакатда мустаҳкам тинчликка эришиш ва унинг иқтисодиётини тиклаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим экани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ТИВ раҳбари жорий йилнинг 14 июль куни Истанбулдан Фарғонага учиб келганди. У Тошкент конференциясида қатнашишдан олдин Марғилон ҳунармандчилик марказида бўлиб, миллий матолар, ипак, гиламлар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишган.
Маълумот ўрнида, бунгача Президент Шавкат Мирзиёев қабулида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди,Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда Қирғизистоннинг Иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаров бўлган эди. Қабул маросими давом этади.
LiveБарчаси