Президент Мирзиёев Европа Иттифоқи дипломатиясининг етакчисини қабул қилди

Жамият 1221
image

Бугун, 16 июль куни Тошкентда бўлиб ўтаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррелни қабул қилди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-ЕИ ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жозеп Боррель давлат раҳбарига Европа кенгаши Раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги глобал ташаббуси муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилаётганини таъкидлади.

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ шериклиги жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало инсон капитали ва демократик янгиланишлар, бизнес, инвестиция ва инновацияларни илгари суриш, “яшил” тараққиёт, экология, маданий алмашинув ва бошқа йўналишларда янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бўйича музокаралар якунига етаётгани маълум қилинди.

Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.1
t
×