Ўзбекистонда миллий ҳунармандчиликнинг ривожланишини кўриб қувондим — Чавушўғли
Жамият
−
14 Июль 2021
7616Аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Истанбулдан Фарғонага учиб келгани ҳақида хабар бергандик.
Ташриф режасига кўра, Туркия ТИВ раҳбари Марғилон ҳунармандчилик марказида бўлиб, миллий матолар, ипак, гиламлар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
“Мавлуд Чавушўғли бу ерда (Марғилонда) миллий матоларимиз, ипак, гиламлар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Туркия Ташқи ишлар вазири миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнига катта қизиқиш билдирди ва Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳиятини юксак баҳолади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистонда ҳунармандчиликнинг бундай ривожланишини кўриб, қувонганини яширмаган.
“Гиламлар ва умуман миллий ҳунармандчилик маҳсулотларингиз жуда гўзал. Туркияда ҳам бу йўналишдаги турлар бор, лекин улар тобора камайиб бормоқда. Ўзбекистонда миллий ҳунармандчиликнинг бундай ривожланишини кўриб қувондим”, дейди Туркия ТИВ раҳбари.
Шунингдек, у каштачилик маҳсулотларини кўриб, болалик хотиралари ёдга тушганини айтган.
“Меҳмон миллий матолар ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш сирлари авлоддан авлодга ўтиши муҳим аҳамиятга эга эканини ҳамда бу каби анъаналарни давом эттириш лозимлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Марғилон ҳунармандчилик марказида Мавлуд Чавушўғлига кичик маданий дастур намойиш этилган.
Шундан сўнг у Олтиариқ туманининг агротуризм салоҳияти билан танишиш учун йўлга чиқди.
Қайд этиш керакки, бундан аввал Туркия Туризм ва маданият вазири ҳам Фарғона водийсида бўлиб, Туркий Кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилишида иштирок этган эди. Ўша йиғилиш доирасида Қўқон шаҳри Туркий кенгаш давлатларининг пойтахти, дея расман эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь