Тожикистон Ташқи ишлар вазири ҳам Президент Мирзиёев қабулига кириб чиқди

Жамият 1776
image

Бугун, 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлиги бўйича халқаро конференция дастури доирасида Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.

Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташрифнинг самарали натижалари юқори баҳоланди, улар мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаб, аниқ мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин давлат раҳбари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг биродарлик саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда қабул қилинган “йўл харитаси” асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги устувор лойиҳаларни ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар – Афғонистондаги вазият ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Президент Шавкат Мирзиёев қабулида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ҳамда Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бўлган эди. Қабул маросими давом этади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.1
t
×