Самарқандда алиментдан қарздор ота шкаф ичидан топилди
3-саҳифа
−
02 Октябрь 4633 2 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида алимент тўлашдан қочиб юрган ота шкаф ичидан топилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюросининг Ургут тумани бўлимида юритилган ижро иши юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарорига кўра, қарздор Ф.Н.дан ундирувчи Л.Р. фойдасига фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати тушган.
Маълумотларга кўра, қарздор ота узоқ вақтдан бери алимент тўловларини амалга оширмагани сабабли қарзи 60 миллион сўмга етган. Бундан ташқари, у номаълум жойда яшириниб юрган. Шу муносабат билан бошқарма қидирув шўъбаси томонидан унга нисбатан қидирув чоралари кўрилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахс ўз яшаш хонадонидаги шкаф ичида экани аниқланган. Шундан сўнг, фуқаро кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун давлат ижрочисига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада алимент тўлашдан қочиб, парда ортига яширинган ота қамалганди. Ўтган йили Қашқадарёда алимент тўламасдан қочиб юрган эркак уйидаги кўрпалар тагидан, Наманганда ва Сурхондарёда уй ертўласидан, Хоразмда товуқ фермасидан, Фарғона шаҳрида тунги клубдан, Андижонда холасининг ва Бухорода бувисининг уйидан топилганди. Шунингдек, илгарироқ Сурхондарё вилоятида вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота укасининг никоҳ тўйида ушланганди. Андижон вилоятида эса алимент тўлашдан қочиб юрган ота ўз уйининг қурилиши тугалланмаган ҳудудида шифер ортидан топилган.
Live
Барчаси