Самарқанд яна бир халқаро саммитга мезбонлик қилади
Жамият
−
02 Июнь 2023
11256Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 2 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида айтиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини минтақа давлатлари билан биргаликда ишлаб чиқиш ва уни мазкур саммитда тақдим этишни таклиф қилган.
“Ушбу дастур инфратузилмани модернизация ва тарихий мерос объектларини реконструкция қилиш бўйича аниқ лойиҳаларни, авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва сонини кўпайтириш, бутун минтақа учун мўлжалланган ягона туризм маҳсулотлари ва йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда виза тартиботларини соддалаштириш масалаларини қамраб олади”, деган Мирзиёев.
Маълумот учун, Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Инвестиция форуми, Таълим бўйича вазирлар панели сессияси, “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” туризм форуми, экотуризм фестивали, энг яхши “сайёҳлик қишлоқлари”ни тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд 2022 йилнинг сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига, ноябрида эса Туркий давлатлар ташкилоти саммитига мезбонлик қилган эди. Жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари эса Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари конференцияси, МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ҳамда “Марказий Осиё - Россия” форматида Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги йиғилиш ўтказилди. 16-18 май кунлари шаҳарда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.