Самарқандда Марказий Осиё+Россия форматида йиғилиш бўлди

Жамият

image

Бугун, 14 апрель куни Самарқанд шаҳрида C5+1 (Марказий Осиё+Россия) форматидаги Ташқи ишлар вазирларининг олтинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Тадбирда Россия Ташқи ишлар вазири С.В. Лавров, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири М.А.Нуртлеу, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Ж.М.Кулубаев, Тожикистон Ташқи ишлар вазири С.Муҳриддин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Р.О.Мередов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Б.О.Саидов иштирок этган.

Кун тартибида 2022 йил 14 октябрда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё+Россия саммити давомида эришилган келишувларни акс эттирувчи олти томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўлган. Вазирлар Марказий Осиё+Россия йўналиши бўйича сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, гуманитар ва миграция соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Минтақавий ва халқаро долзарб масалалар кўриб чиқилиб, Афғонистондаги мураккаб вазият ва унинг қўшни давлатларга таъсирига эътибор қаратилган.

Шунингдек, Россия ТИВ раҳбари ўз мавқедошларига Украина атрофидаги инқирозли вазият контекстида Москванинг ҳаракатлари ҳақида маълумот бериб, Евроосиёдаги давлатлараро ташкилотлар ва бирлашмалар фаолиятини умумий чақириқлар ва таҳдидлар бўйича сиёсийлаштирилмаган иш платформаси сифатида самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлаган. Сергей Лавров Россиянинг стратегик барқарорлик ва қурол назорати муаммоларига ёндашувларини ҳам тушунтирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча,13 апрель куни Самарқандда Эрон, Хитой, Покистон, Россия Ташқи ишлар вазирлари иштирокида ёпиқ мажлис бўлиб ўтган, унинг якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда давлатлар Афғонистондаги ҳозирги вазият учун Америка Қўшма Штатлари жавобгар эканини билдирган эди. Шу куни Ўзбекистон томони раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг учрашуви ҳам бўлган, унда Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этганди. Бугун, 14 апрель куни эса МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминловчи асосий ижроия органи – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлган, унинг охирида Ўзбекистоннинг икки шаҳри – Тошкент ва Самарқандга МДҲ доирасида янги мақом берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Самарқанд Ўзбекистон Марказий Осиё Лавров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг