Ўзбекистоннинг икки шаҳрига МДҲ доирасида янги мақом берилди
Жамият
−
14 Апрель 2023
13138Бугун, 14 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига МДҲ доирасида янги мақом берилиши тасдиқланди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича ўтказган матбуот анжуманида маълум килди.
Унинг айтишича, МДҲ Ташқи ишлар вазирлари 2024 йилда Тошкент шаҳрини МДҲ мамлакатларининг ёшлар пойтахти, Самарқандни эса маданий пойтахти деб эълон қилишга келишиб олган.
Шунингдек, у МДҲнинг спорт пойтаҳти жорий йилда Минск, 2024 йилда эса Арманистондаги Гюмри бўлишини маълум қилган. Тошкентдан сўнг эса 2025 йилда Габала, 2026 йилда Капан шаҳарлари МДҲнинг ёшлар пойтахти бўлиши келишиб олинган.
Маълумот учун, мазкур тадбирда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян, Беларусь Ташқи ишлар вазири Сергей Алейник, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хожиев, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг учрашуви бўлганди. Унда Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этганди. Учрашув олдидан Россия, Хитой, Эрон ва Покистон Ташқи ишлар вазирларининг 4 томонлама мухокамалари ҳам бўлган, унда томонлар Афғонистондаги ҳозирги вазият учун АҚШ жавобгар, деган хулосага келган эди.
LiveБарчаси