Реновация доирасида Янги Тошкентдан 1,5 баравар каттароқ уй таклиф қилинади

−

image

Тошкент аҳолисига реновация доирасида Янги Тошкентда ўз хонадонидан 1,5 баравар каттароқ уйлар таклиф қилинади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида реновация доирасида кўчиб ўтиш ва уй-жой шароитини яхшилашни режалаштираётган аҳолини қизиқтириши мумкин бўлган яна бир имконият пайдо бўлмоқда. Гап “Toshkent Invest Kompaniyasi” АЖ уй-жой лойиҳаларини амалга ошираётган Янги Тошкент ҳудудидан хонадонлар ажратиш ҳақида бормоқда.

Ушбу янги механизм Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги “Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-243-сон фармонида назарда тутилган.

Унга кўра, Янги Тошкент ҳудудида мулкдорларга мавжуд хонадони майдонидан тортиб, унинг дастлабки майдонининг 150 фоизигача ҳажмда уй-жой бериш кўзда тутилмоқда. Масалан, агар оиланинг хонадони 50 метр квадрат бўлса, вариантлардан бири сифатида майдони 75 метр квадратгача бўлган янги уй-жой таклиф этилиши мумкин.

Бошқа ечимлар ҳам мавжуд. Жумладан, 70 метр квадрат майдонга эга битта хонадон ўрнига оилага 105 метр квадратгача бўлган битта кенгроқ уй ёки иккита алоҳида хонадон, масалан, 45 ва 60 метр квадрат майдонли уйлар таклиф қилиниши мумкин.

Бироқ булар қатъий кафолатланган шартлар эмас, балки шартли мисоллар. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ҳамда мулкдорларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал тартибда кўриб чиқилади. Таклифларни тайёрлашга мустақил ташкилотлар жалб этилади, хонадонлар майдони, сони ва бошқа шартлар эса томонлар билан келишилади.

“Айрим оилалар учун ўзлари ўрганган туманда қолиш муҳим бўлса, бошқалар учун кенгроқ уй-жойга эга бўлиш ёки жадал ривожланаётган Янги Тошкентга кўчиб ўтиш афзалроқ. Энг муҳими, эндиликда реновация доирасида ҳар бир оиланинг манфаатларини инобатга олган ҳолда мақбул ечим топиш имконини берувчи яна бир йўл пайдо бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, шу билан бирга, асосий тамойиллар ўзгаришсиз қолади: мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлиги ва компенсация шартларини келишиш.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends