Тошкентда икки йигит 40 минг сўм учун фуқарога пичоқ ўқталди (видео)
Crime
−
13:26 1137 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Олмазор метро бекати яқинида икки нафар йигит фуқарони пичоқ билан қўрқитиб, ундан 40 минг сўм пулини тортиб олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса тунги соат 23:00 атрофида содир бўлган. Дастлаб, гумонланувчилардан бири жиноий ниятини амалга ошириш учун ҳамкасбига қўнғироқ қилиб, пичоқ олиб келишини сўраган. Ҳамкасби эса ишлайдиган жойидан пичоқни олиб, унинг ёнига борган.
Шундан сўнг, йигит метро бекати яқинида учраган фуқарони таъқиб қилиб, пичоқ билан қўрқитган ва унинг 40 минг сўм пулини тортиб олган. Кейин эса воқеа жойидан яширинган.
Гумонланувчиларнинг бири ўз кўрсатмасида содир этган ишидан пушаймонлигини билдириб, бу ҳолат унга катта сабоқ бўлганини айтган. Пичоқни олиб келган иккинчи йигит эса шеригининг фуқарога ҳужум қилганини кўрмаганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, гумонланувчиларнинг бири 19, иккинчиси эса 20 ёшда. Воқеа жойида қўлланилган пичоқ ашёвий далил сифатида Эксперт-криминалистика марказида текширилган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) иккинчи қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида кекса ёшли аёлни уриб, сумкаси билан бирга 12 млн сўм пулини ўғирлаган 3 нафар эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All