Самарқандда йиғилган вазирлар АҚШни Афғонистондаги вазият учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирди

Жамият

image

Россия, Хитой, Эрон ва Покистон Ташқи ишлар вазирлари Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракатини инклюзив ҳукумат тузишга, аёллар ва миллий озчиликларга нисбатан барча чекловчи чораларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда Самарқанддаги норасмий учрашув якунлари бўйича қўшма баёнотда айтилган.

“Вазирлар афғон ҳукуматини барча этник гуруҳлар ва сиёсий институтларнинг амалий иштирокида инклюзив ҳукумат тузишга ҳамда аёллар ва миллий озчиликларга нисбатан барча чекловчи чораларни бекор қилишга чақирди”, дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий Telegram каналида эълон қилинган баёнотда. 

Шунингдек, Россия, Эрон, Хитой ва Покистон Ташқи ишлар вазирлари Афғонистон ҳукуматини дўстона ташқи сиёсат юритишга, халқаро қонунларга риоя қилишга ва дунёнинг барча давлатлари билан ҳамжиҳатликда яшашга чақирган. Бундан ташқари, улар Афғонистон муаммоларини сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган барча дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини, шунингдек, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ташқи ишлар вазирларининг конференциялари бу борада ижобий роль ўйнаганини қайд этган. 

Бундан ташқари, улар Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги мураккаб вазият учун масъулиятни ўз зиммаларига олиши кераклигини билдирган. 

“Вазирлар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги мавжуд мураккаб вазият учун масъулиятни ўз зиммаларига олиши, Афғонистонга нисбатан жорий қилинган бир томонлама санкцияларни зудлик билан бекор қилишлари ҳамда Афғонистоннинг хориждаги активларини қайтариши кераклигини таъкидладилар”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, Россия, Эрон, Хитой ва Покистон Ташқи ишлар вазирлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Афғонистон ва унинг атрофидаги ҳарбий базалар тикланишига қарши чиққан. Бу минтақавий тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшмаслиги қайд этилган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг баҳорида “Толибон” ҳаракати АҚШ ўз қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарорини эълон қилганидан кейин мамлакат устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлаган. 15 август куни “Толибон” Қобулга жангсиз кириб борган ва 7 сентябрь куни қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган ўзларининг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилган. Ҳозирда ҳам Афғонистондаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. Бу кўп жиҳатдан “Толибон” муваққат ҳукумати давлат захираларининг фақат кичик бир қисмига (9,4 миллиард доллардан) фойдаланиш имкониятига эга бўлгани билан боғлиқ, чунки уларнинг катта қисми Қўшма Штатлар томонидан музлатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари конференцияси доирасида Россия, Хитой, Эрон Ташқи ишлар вазирлари ва Покистон ташқи ишлар давлат вазирининг ёпиқ учрашуви бошлангани айтилганди.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп эса амалдаги Президент Жо Байденни 2021 йилда АҚШ қўшинларини Афғонистондан муддатидан олдин олиб чиқиб кетиш масъулиятини ўзгартиргани учун танқид қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Россия Самарқанд Эрон Хитой Покистон Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг