Руҳоний: “АҚШ Эронга ёрдам бермоқчи бўлса, санкцияларни бекор қилсин”
Олам
−
23 Март 2020
6395Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, агар расмий Вашингтон Эронга коронавирусга қарши курашда ёрдам бермоқчи бўлса, санкцияларни бекор қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда "Reuters" агентлиги хабар берди.
"Америка раҳбарлари ёлғон гапиришмоқда. Агар улар Эронга ёрдам бермоқчи бўлсалар, санкцияларни бекор қилишлари керак. Шунда биз коронавирус пандемиясини енгишимиз мумкин", дейди Руҳоний.
Вашингтон узоқ вақтдан бери Эронга гуманитар ёрдам таклиф қилмоқда. Аммо кеча, 22 март куни мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий бу таклифни рад этди.
АҚШнинг таъкидлашича, вируснинг тарқалиши Эронни санкциялардан қутқармайди.
"Сиз Эроннинг нефть экспортига тўсқинлик қилдингиз, Эроннинг банк операцияларини тўхтатдингиз. Сизнинг бизга ёрдам бериш тўғрисидаги гапингиз тарихдаги энг катта ёлғон бўлади", деб қўшимча қилди Руҳоний.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан коронавирусга қарши курашишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, жорий йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Эронга гуманитар ёрдам юборди.
Маълумот учун, Эронда 23 049 кишида коронавирус аниқланди. Улардан 1 812 нафари вафот этди, 8 376 нафари эса бу касалликдан тузалди.
LiveБарчаси