Россиянинг яна бир банки ва компанияси АҚШнинг “қора рўйхат”ига тушди

Олам

image

АҚШ Россиянинг “Новикомбанк” ва “АБР Менеджмент” компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотида маълум қилинди

Блинкенга кўра, АҚШ раҳбарияти “Новикомбанк” бошқарувининг тўрт нафар аъзосига, жумладан унинг раиси Елена Георгиевага, шунингдек “АБР Менеджмент” раҳбарияти ва унинг бошқарув кенгашининг тўрт нафар аъзосига қарши ҳам санкциялар жорий қилмоқда.

Баёнотда таъкидланишича, чекловлар Юрий Ковалчук, Кирилл Ковалчук, Дмитрий Лебедев ва Санкт-Петербург вице-губернатори Владимир Княгининга ҳам тегишли. Шу билан бирга, санкциялар Юрий ва Кирилл Ковалчукнинг оила аъзоларига ҳам тегишли. 

Айтилишича, амалдаги янги чекловлар Америка фуқароларига энди “қора рўйхат”га киритилган шахслар билан бизнес юритиш тақиқланганлигини билдиради. 

Аввалроқ, АҚШ ҳукумати Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг рафиқаси ва унинг икки фарзандларига нисбатан санкциялар жорий қилганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги босқинига жавобан россияликларга қарши янги шахсий санкцияларни эълон қилди. Саккиз киши (оила аъзолари билан бирга) санкциялар остида қолди. “Транснефт” раҳбари Николай Токарев, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов ва ВЭБ.РФ раиси Игор Шувалов, миллиардерлар Алишер Усмонов, Аркадий Ротенберг ва Борис Ротенберг, бизнесмен Евгений Пригожин ва Президент матбуот котиби Дмитрий Песков. 

10 март куни Канада расмийлари Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, журналист – РТ раҳбари Маргарита Симоньян, телебошловчи Владимир Соловьев, Биринчи канал бош директори Константин Эрнст, тадбиркор Олег Дерипаска ва беш кишини санкциялар рўйхатига қўшдилар

Жорий йилнинг 8 март куни Япония томонидан Россия резидентларига киритилган санкциялар рўйхатидан ҳам Песков ўрин олган

Март ойи бошида эса Европа Иттифоқи Россия Президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган миллиардерларга санкция жорий қилди. Шунингдек, ушбу рўйхатда Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бор

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг