Россиянинг Украинага қарши уруши бир неча йилга чўзилади – америкалик генерал

Олам

image

Россиянинг Украинага қарши уруши бир неча йил давом этади. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли Конгресс Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар бўйича қўмитасида сўзлаган нутқида айтиб ўтган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши “Америка армиясидаги 42 йиллик фаолиятим давомида Европа ва балки бутун дунё тинчлиги ва хавфсизлигига энг жиддий таҳдиддир”, деган генерал.

“Қўшма Штатлар жуда муҳим ва тарихий, геостратегик бурилиш нуқтасида. Биз ўзимизни тобора беқарор бўлиб бораётган дунёда кўряпмиз ва буюк давлатлар ўртасидаги муҳим халқаро можаролар жиддийлиги камаймаяпти, ўсиб бормоқда”, деб давом этган Милли.

Миллининг таъкидлашича, Россия “АҚШ ва унинг иттифоқчиларига таҳдид солувчи йирик ва хилма-хил ядровий салоҳиятни сақлаб қолмоқда”.

“Биз Россия ядровий кучларининг жанговар тайёргарлиги даражасига оид жуда провокацион риторикани эшитдик”, деб эслаган қўмита раиси.

Унинг қўшимча қилишича, Россия “кибермаконда мураккаб ва зарарли ҳаракатларни” амалга оширишга қодирлиги ва тайёрлигини бир неча бор намойиш этган.

Бундан ташқари, Миллининг фикрича, Россиянинг Украинага бостириб кириши “хавфли тарихий бурилиш нуқтаси”ни яратди.

“Мен бу узоқ давом этадиган можаро, у йиллар билан ўлчанади деб ўйлайман. Ўн йил ҳақида гапириш мумкинми ёки йўқми, билмайман, лекин бир неча йил аниқ. Менимча, АҚШ, НАТО, Украина ва барча иттифоқчилар. ҳамда уни қўллаб-қувватловчи ҳамкорлар узоқ вақт давомида бу билан шуғулланадилар”, деган Милли.

Бироқ, умуман олганда, Миллининг сўзларига кўра, Хитой узоқ муддатли истиқболда АҚШ учун асосий “геостратегик муаммо” бўлиб қолмоқда.

Генералнинг сўзларига кўра, Хитой турли соҳаларда ўз салоҳиятини ривожлантиришда давом этмоқда ва ҳар куни “АҚШ билан технологик фарқни камайтириш учун ишламоқда”.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг