Россияда BBC ва “Озодлик” сайтларига киришга тақиқ қўйилди
Олам
−
04 Март 2022
8030Россия Американинг “Озодлик” радиоси, Буюк Британиянинг BBC рус хизмати ва Латвиянинг Медуза интернет нашри сайтларига киришни блоклади.
Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор) чекловларга дучор бўлган сайтлар рўйхатини янгилади.
Шу тариқа, Россияда Медуза, BBC ва “Озодлик” радиоси телерадиокомпанияларининг веб-сайтлари ўз фаолиятини тўхтатди.
Қайд этилишича, кириш тартибсизликлар, экстремизм ва ноқонуний оммавий аксияларда иштирок этишга чақириқларни акс эттирувчи сайтларни блоклаш қоидаларига мувофиқ чекланган.
Шунингдек, Россияда пайшанбадан жумага ўтар кечаси Meta компаниясига тегишли Facebook ижтимоий тармоғидаги носозликлар кузатилмоқда. Москва вақти билан 01:07 ҳолатига кўра, ижтимоий тармоқдаги носозликлар ҳақида 419 та хабар қайд этилган.
Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги (59%) веб-сайтларнинг ишдан чиқиши ҳақида шикоят қилган, 24%и илова билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар берган ва 17%и тизимга киришда қийинчиликларга дуч келган. Энг фаол носозликлар Москва, Санкт-Петербург, Краснодар, Самара, Челябинск ва Екатеринбургда қайд этилган.
25 февраьл куни Роскомнадзор Россиядаги тўртта оммавий ахборот воситаларининг аккаунтларини блокдан чиқариш бўйича талабларни бажармагани учун Россиядаги Facebook трафигини секинлаштиришни бошлаганини маълум қилганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси