Россия Европанинг икки компаниясига газ етказиб беришни тўхтатди
Олам
−
31 Май 2022
10438Россиянинг “Газпром” трансмиллий энергетика компанияси эртага, 1 июндан бошлаб Даниянинг “Ørsted” ва Германиянинг “Shell Energy Europe Limited” компанияларига газ етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, бунга иккала компания ҳам рубль ҳисобларидан фойдаланган ҳолда Москва таклиф қилган схема бўйича тўловларни амалга оширишга рози бўлмагани асосий сабаб бўлган.
“31 май иш кунининг якунига кўра (шартномада кўрсатилган тўлов муддати), “Газпром Экспорт” “Shell Energy Europe Limited” компаниясидан апрель ойида етказиб берилган газ учун тўловни олмаган”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, 31 май иш кунининг охирида “Ørsted” ҳам “Газпром Экспорт”га тўлов қилмаган.
Аввалроқ, Даниянинг энг йирик энергетика компанияси “Ørsted” ва Нидерландиянинг газ савдогари “GasTerra” “Газпром”нинг янги тўлов тизими бўйича талабларини бажаришдан бош тортгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин 23 март куни Россияга дўст бўлмаган давлатлар гази учун тўловларни рублда амалга ошириши кераклиги ҳақида кўрсатма берганди. Путиннинг фармонига кўра, 1 апрелдан бошлаб дўстона бўлмаган давлатлар рўйхатидаги харидорлар Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириши керак.
Болгария, Польша ва Финляндия Россия шартларини бажаришдан бош тортганди. Бунга жавобан “Газпром” бу мамлакатларга газ етказиб беришни тўхтатган. 27 май куни Европанинг энергия бўйича комиссари Кадри Симсон Европа Иттифоқи Россиядан импорт тўлиқ тўхтатилган тақдирда “захира режа” ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси