Нидерландия ва Дания Путиннинг ноғорасига ўйнашга рози бўлмади
Олам
−
30 Май 2022
17083Даниянинг энг йирик энергетика компанияси “Ørsted” ва Нидерландиянинг газ савдогари “GasTerra” “Газпром”нинг янги тўлов тизими бўйича талабларини бажаришдан бош тортди. Бу ҳақда компанияларнинг веб-сайтида келтирилган.
“Газпром Экспорт” “Ørsted”дан газ етказиб бериш учун рублда тўлашни талаб қилишда давом этмоқда. Шартнома бўйича ҳеч қандай [рублда тўлаш ҳақида] қонуний мажбуриятимиз йўқ ва биз “Газпром Экспорт”ни буни қилмаслигимиз ҳақида бир неча бор огоҳлантирганмиз”, дея таъкидлаган Дания компанияси Матбуот хизмати.
“Ørsted” газ учун тўловни 31 май кунига қадар амалга ошириши керак. Компания тўловни еврода давом эттиришини айтди.
“Россиядан Данияга тўғридан-тўғри газ қувури йўқ, шунинг учун Россия ҳали ҳам газ таъминотини тўхтата олмайди”, дейди компания.
Нидерландия
“GasTerra” Россия Президенти Владимир Путиннинг Россия гази учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги фармонида кўрсатилган “Газпром”нинг бир томонлама тўлов талабларини бажармасликка қарор қилди. “GasTerra” қарорига жавобан “Газпром” 2022 йил 31 майдан бошлаб газ етказиб беришни тўхтатганини билдирди”, дейилади хабарда.
Нидерландия компаниясига кўра, “Газпром” томонидан етказиб беришнинг тўхтатилиши шартноманинг амал қилиш муддати тугайдиган 2022 йил 1 октябргача бўлган даврда шартномада кўрсатилган 2 миллиард куб метрга яқин газ етказиб берилмаслигини англатади.
Компанияга кўра, Россия банкида ҳисоб очиш ва уларни “Россия режими томонидан назорат қилиш” жуда катта хавф туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, Болгария, Польша ва Финляндия Россия шартларини бажаришдан бош тортганди. Бунга жавобан “Газпром” бу мамлакатларга газ етказиб беришни тўхтатган. 27 май куни Европанинг энергия бўйича комиссари Кадри Симсон Европа Иттифоқи Россиядан импорт тўлиқ тўхтатилган тақдирда “захира режа” ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси