Россия ва Украина икки марта асирларни алмашди
Олам
−
23 Март 2022
8339Гуманитар йўлак очилгандан бери Россия ва Украина икки марта маҳбусларни алмаштиришни амалга оширди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова маълум қилди.
“Россия Мудофаа вазирлиги ҳар куни гуманитар йўлакларни ташкил қиляпти ва тинч аҳолини Украинадан эвакуация қилмоқда. Бундан ташқари, Россия ва Украина ўртасида икки марта асирлар алмашинуви бўлиб ўтди”, дейди Захарова.
Унинг қайд этишича, Киев аҳолини Россияга эвакуация қилишни тақиқлаб, уларни Ғарбга ҳайдаяпти.
“Аслида, Киев ҳукумати мамлакатимизга эвакуация қилишни тақиқлаб, қочқинларни ғарбга мажбурлаб ҳайдаяпти. Уларнинг кўпчилиги ҳанузгача Россияга, ўз қариндошларининг олдига боришга ҳаракат қилмоқда, аммо бу ерда Европа Иттифоқи давлатлари, биринчи навбатда, Польша уларга рухсат бермаяпти. Бунинг учун одамлар аввал Киевда, кейин эса Брюсселда гаровга олинади”, дейди Россия ТИВ расмий вакили.
Украина Президенти девони раҳбари Матбуот котиби Дарья Заривна 17 март куни Киев 2002-2003 йилларда туғилган тўққиз нафар россиялик ҳарбий хизматчини россиялик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган Мелитополь мери Иван Федоровга алмаштирганини маълум қилди.
Россия Омбудсмани Татьяна Москалкова бу маълумотни тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, БМТ маълумотларига кўра, Украинада уруш бошланган 24 февралдан буён мамлакат тарк этаётганлар бир ой ўтиб 3,5 миллионга етди.
Ҳисоботга кўра, 3 миллион 557 минг 245 нафар украиналик қўшни давлатларга кўчиб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи Польшага кетган.
Шундай қилиб, 2 113 554 украиналиклар Польша, 543 308 Руминия, 367 913 Молдова, 317 863 Венгрия, 253 592 Словакия, 252 376 Россия ва 4308 бошқа Европа давлатларига ва Беларусга қочган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси