Дунё қочқинлари Украина ҳисобига яна 3,5 миллионга ортди 

Олам

image

Украинада уруш бошланган 24 февралдан буён мамлакат тарк этаётганлар бир ой ўтиб 3,5 миллионга етди. Мамлакатда қолаётган тинч аҳолининг 953 нафари ҳалок бўлди, яна 1 557 нафари яраланди. Бу ҳақда  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги бошқармаси баёнотида маълум қилинди

Ҳисоботга кўра, 3 миллион 557 минг 245 нафар украиналик қўшни давлатларга кўчиб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи Польшага кетган.

Шундай қилиб, 2 113 554 украиналиклар Польша, 543 308 Руминия, 367 913 Молдова, 317 863 Венгрия, 253 592 Словакия, 252 376 Россия ва 4308 бошқа Европа давлатларига ва Беларусга қочган. 

Шунингдек, 18-23 февраль кунлари оралиғида Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидан 113 минг киши Россияга қочган.

Бундан ташқари, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳоли сони маълум қилинганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги 10 йил ичида дунёнинг турли мамлакатларида рўй берган урушлар ва қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида ўз мамлакатини ташлаб қочганлар сони 85 миллионга етди ва улар орасига 3,5 миллион украиналик қўшилди. Бу рақамлар яқин келажакда янада ортиши кутилмоқда. 

2014 йилдан бугунга қадар Ўртаер денгизида 25 минг қочқин ҳалок бўлган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг