Россия уруш учун катта маош эвазига ўнлаб кўнгиллилар батальонларини тузган – ОАВ
Олам
−
08 Август 2022
11092Украинадаги урушда қатнашиш учун Россиянинг 20 дан ортиқ вилоятида кўнгиллилар бўлинмалари ташкил этилди. Бу ҳақда “Коммерсант” газетаси хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, 2022 йилнинг баҳоридан бери Россия расмийлари 40 дан ортиқ шундай батальонларни ташкил қилган. Баъзи ҳудудларда битта бўлинма шаклланган, бошқаларида эса икки, уч ёки ундан кўп. Кўнгиллилардан мотоўқчилар, танк ёки артиллерия батальонлари ва роталари, шунингдек қўллаб-қувватлаш бўлинмалари тузилган. Кўпинча бўлинмаган фақат битта минтақа аҳолисидан шакллантирилган.
Барча ҳудудларда кўнгилли бўлинмалар аъзолари Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан бир неча ой муддатга шартномалар тузиб, шартнома асосида хизмат ўтовчи мақомини олишган.
Маълумотларга кўра, кўнгиллиларга ваъда қилинган тўловлар минтақага боғлиқ: Омск вилоятида кўнгиллиларга 130 минг рубль, бошқа ҳудудларда – 200 мингдан ортиқ маош ваъда қилинган. Перм ўлкасидагиларга эса камида 300 минг рубль таклиф қилинган. Бундан ташқари, кўнгилли аскарлар жанговар ҳаракатлардаги муваффақияти учун турли тўловлар ҳамда кунлик 8000 рубль олиши мумкин.
"Медуза" нашрининг ёзишича, кўнгиллилар орасида алданганлар ҳам мавжуд. Жумладан, июль ойида чувашистонлик кўнгиллилар ваъда қилинган пулни олмаганликларини даъво қилишган.
Aнонимлик шарти билан "Коммерсант"га хабар берган федерал амалдорнинг айтишича, кўнгиллилар билан ишлаш қулай бўлгани учун бўлинмалар ҳудудий асосда тузилган. Манбанинг таъкидлашича, минтақавий ҳокимиятдан ахборот таъминоти, молиявий ва қўшимча моддий-техник таъминот учун маблағ йиғишда ёрдам бериш сўралган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси