Россия Украинанинг учта самолётини уриб туширди
Олам
−
16 Май 2022
14501Россиянинг тезкор-тактик ва армия авиацияси бир суткада учта қўмондонлик пунктига, Украина Қуролли кучларининг 104 та ишчи кучи ва ҳарбий техникаси тўпланган ҳудудига зарба берди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Змейний ороли яқинида Украинанинг Су-24 самолётини уриб туширди. Бундан ташқари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Николаев вилоятида ва Буюк Камишевахи туманида Украинанинг иккита Су-25 самолётини уриб туширди.
Конашенковга кўра, Россия қуруқликдаги қўшинларининг ракета қўшинлари ва артиллерияси бир кунда Украина Қуролли кучларининг 350 дан ортиқ нишонларига зарба берган.
Украинада “махсус ҳарбий операция” бошланганидан бери Россия Қуролли Кучлари Украина Қуролли Кучларининг 168 та самолёти, 889 та учувчисиз учиш аппарати, 3108 та танк ва зирҳли техникасини йўқ қилди, деган Мудофаа вазирлиги вакили.
Россия Мудофаа вазирлиги “махсус операция” давомида йўқотишлари миқдорини охирги марта 25 март куни эълон қилганди: 1351 нафар қурбон ва 3825 нафар ярадор.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси