Россия Украинанинг тўрт шаҳридан гуманитар йўлакларни очмоқда. Москва Киевга шарт қўйди
Олам
−
07 Март 2022
20543Россия Федерацияси Қуролли Кучлари “сукут режими”ни эълон қилади ва соат 10:00 дан бошлаб тўртта шаҳардан – Киев, Харьков, Суми ва Мариуполдан гуманитар йўлакларни очади. Бунинг учун расмий Москва Киевдан йўлакларни очиб беришни ва тинч аҳоли ҳамда чет эл фуқароларини олиб чиқиб кетилишини таъминлашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Украинадаги гуманитар ёрдам бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи штабдан маълум қилинган.
“Киев, Харьков, Суми ва Мариупол шаҳарларидаги ҳалокатли гуманитар вазият ва унинг жуда кескинлашганини инобатга олган ҳолда, шунингдек, Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга шахсий илтимосига биноан, Россия Қуролли кучлари гуманитар мақсадларда 2022 йил 7 март соат 10:00 дан бошлаб “сукут режими” ва очиқ гуманитар йўлакларни эълон қилади”, дейилади хабарда.
Штаб маълумотларига кўра, Киевдан битта йўлак очилади. Унинг йўналиши: Киев, Гостомель, Раковка, Сосновка, Иванков, Ораное, Чернобиль, Гдень (Беларус), Гомель, кейинчалик Россия Федерациясига ҳаво орқали етказиб бериш.
Мариуполдан чиқиш икки йўналиш бўйлаб амалга оширилади. Биринчи йўналиш – Мариупол, Новоазовск, Таганрог, Ростов-Дон, кейин ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали танланган йўналишларга ёки вақтинчалик яшаш жойларига. Иккинчи маршрут Мариупол, Портовское, Мангуш, Николское, Республика, Розовка, Билмак, Пологи, Орехов, Запорожье шаҳарларини айланиб ўтади.
Харьковдан – Харьков, Нехотеевка, Белгород, кейин ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали танланган йўналишларга ёки вақтинчалик яшаш жойларига.
Сумидан: биринчи йўналиш – Суми, Суджа, Белгород, кейин ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали танланган йўналишларга ёки вақтинчалик яшаш жойларига. Иккинчи йўналиш – Суми, Голубовка, Ромни, Лохвица, Лубни, Полтава.
БМТ, ЕХҲТ ва ХҚХҚни хабардор қилиш
Қайд этилишича, мувофиқлаштирувчи штаб Россия томони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ)нинг тегишли тузилмаларини Украинада гуманитар коридорлар очилиши ҳақида хабардор қилган.
“Ушбу маълумотлар БМТ, ЕХҲТ, ХҚХҚ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тегишли тузилмаларига барча мавжуд ахборот ресурслари, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали етказилган”, дейилади штаб хабарида.
Уларнинг таъкидлашича, эвакуация назорати, шу жумладан, Россиянинг дронлари ёрдамида ҳам таъминланади.
“Шу боис, Украина томонининг Россия Федерациясининг айби билан гуманитар операцияни бузишда Россияни ва бутун цивилизациялашган дунёни яна бир бор алдашга бўлган барча уринишлари бу сафар бефойда ва маъносиз эканлигидан огоҳлантирамиз", дея қўшимча қилган штаб.
Баёнотда расмий Киев ҳукумати, шунингдек, санаб ўтилган шаҳарлар раҳбариятидан аниқ ҳаракатлар кутилаётгани таъкидланади.
“Биз Украина томонидан санаб ўтилган йўналишлар бўйича гуманитар йўлакларни яратиш бўйича барча шарт-шароитларни қатъий бажаришни ҳамда тинч аҳоли ва чет эл фуқароларининг уюшқоқлик билан олиб чиқиб кетилишини таъминлашни талаб қиламиз”, дейилади штаб баёнотида.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси