Россия Украинанинг икки вилоятини бирдан қўшиб олиши мумкин
Олам
−
25 Июль 2022
13635Украинанинг руслар томонидан эгалланган Запорожье ва Херсон вилоятлари Россия таркибига бир вақтда қўшиб олиниши мумкин. Запорожье вилоятининг Россия томонидан тузилган ҳарбий-фуқаролик маъмурияти кенгаши раҳбари Владимир Рогов ТАССга маълум қилди.
Роговнинг сўзларига кўра, Запорожье ва Херсон вилоятларида Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича референдум бир кунда ўтказилиши мумкин, бу гўёки Украина томонидан уюштириладиган провокациялар сонини камайтиради.
“Жараёнларимиз тахминан бир хил даражада, биз ҳамкасблар билан алоқадамиз, маслаҳатлашяпмиз ва учрашяпмиз. Қаердадир Запорожье олдинда, қаердадир Херсон илдамлаб кетган. Бир кунда ўтказиладиган референдум ҳудудларимизга Зеленский режимининг тажовузкорлигини тарқатиб юборишга ёрдам беради, чунки улар провокация қилишга уринишлари аниқ, аммо бундай катта майдонда буни амалга ошириш уларга қийинроқ бўлади”, деган руслар томонидан тайинланган вилоят масъули.
Унга кўра, референдумга тайёргарлик кўришдаги асосий вазифа унинг шаффофлиги ва сайловчилар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Шунингдек, у референдумнинг аниқ санаси ҳали аниқланмаганини, у сентябр ойининг биринчи ярмида ўтказилиши кутилаётганини таъкидлади.
Маълумот учун, Россия февраль ойида Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаши ортидан Херсон вилоятини тўлиқ, Запорожье вилоятини эса қисман эгаллади. Шундан сўнг бу ҳудудларни тўғридан тўғри РФ таркибига қўшиш ҳақида фикрлар янграй бошлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси